Наманганда сув таъминоти: мураккаб рельеф, аниқ ечимлар
Наманган вилояти республикада аҳоли энг зич яшайдиган ҳудудлардан бири ҳисобланади. Тоғолди ва паст-баланд рельеф шароити эса ичимлик сувини аҳолига узлуксиз етказиб беришни янада мураккаблаштиради.
Вилоятнинг кўплаб ҳудудлари тоғолди ва баланд-паст жойларда жойлашган бўлиб, бу ерларда сувни манбадан аҳолига етказиш ката муҳандислик ечимлари, қўшимча энергия сарфи ва мураккаб инфратузилмани талаб этади. Шу боис бу ерда сув таъминоти тизимининг барқарор ишлаши ортида катта меҳнат ва узоқ йиллик режали ишлар мужассам.
Бироқ шундай шароитда ҳам “Ўзсувтаъминот” АЖ тизимидаги “Наманган сув таъминоти” акциядорлик жамияти томонидан амалга оширилаётган ишлар аҳолининг ҳаёт сифати ва фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда вилоят аҳолиси 3 миллион 190 минг нафардан ортиқни ташкил этади. Уларнинг 2 миллион 804 минг нафари ёки 87,9 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. Бу рақамнинг ўзиёқ кейинги йилларда соҳада амалга оширилган ислоҳотлар самарасини кўрсатади.

Чунки 2016 йилда мазкур кўрсаткич атиги 59,5 фоизни ташкил этган эди. Демак, кейинги тўққиз йилда юз минглаб хонадонлар марказлашган сув таъминоти тизимига уланди, минглаб километр тармоқлар барпо этилди.
Сўнгги тўққиз йил мобайнида вилоятда ичимлик ва оқова сув тизимларини ривожлантириш учун 1 триллион 451 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
Натижада 5,6 минг километр ичимлик суви тармоқлари, 451 километр оқова сув тармоқлари қурилган, 268 та ичимлик суви ҳамда 3 та оқова сув иншооти барпо этилган.
Бу кўрсаткичлар нафақат янги объектлар қурилганини, балки аҳоли турмуш сифатига бевосита таъсир кўрсатувчи инфратузилма шаклланганини англатади.
Айниқса, аҳоли сони тез ўсиб бораётган Наманган шароитида сув таъминоти тизимини ривожлантириш ижтимоий барқарорлик ва ҳудудлар тараққиётининг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.
Шу билан бирга, соҳада ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар ҳам сақланиб қолмоқда.
Ҳозир 386,9 минг нафар ёки 12,1 фоиз аҳоли ичимлик сувидан муқобил манбалар орқали фойдаланмоқда.
Бугунги кунда 8,5 минг километрдан зиёд ичимлик суви тармоқларининг қарийб 20 фоизи реконструкцияга муҳтож. Мавжуд сув иншоотларининг ҳам бир қисми капитал таъмирни талаб қилади.
Эътиборли жиҳати шундаки, бугун соҳадаги ишлар фақат қувур ётқизиш ёки янги қудуқ қазиш билан чекланиб қолмаяпти.
Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Жаҳон банки ҳамда ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида сув тозалаш иншоотларини модернизация қилиш, замонавий ҳисоблаш қурилмаларини ўрнатиш, сув сарфини назорат қилиш ва SCADA рақамли бошқарув тизимини жорий этиш ишлари амалга оширилмоқда.
2026 йилда Республика бюджети ва халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан ўнлаб янги объектларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш режалаштирилган. Косонсой, Поп, Чортоқ, Чуст туманлари ва Янги Наманган шаҳарчасида амалга оширилаётган лойиҳалар ана шу мақсадга хизмат қилади.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, соҳадаги асосий вазифа энди фақат қамровни ошириш эмас. Бугун сув таъминоти тизимининг ишончлилиги, хизмат сифати, энергия самарадорлиги ва рақамли бошқарувни таъминлаш масалалари биринчи ўринга чиқмоқда.
– “Наманган сув таъминоти” АЖ томонидан 2025 йилда ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди, – дейди Наманган сув таъминоти АЖ директори Мухторжон Ҳожиев. – Бир йил давомида ичимлик ва оқова сув тармоқларидаги 13 мингдан зиёд авария ва носозлик бартараф этилди. 18,5 мингдан ортиқ сув намуналари лаборатория таҳлилларидан ўтказилиб, аҳолига етказилаётган сув сифати доимий назоратда сақланади. Амалга оширилаётган лойиҳалар якунлангач, 46,7 минг нафар аҳоли биринчи марта марказлашган ичимлик суви билан таъминланади, 58,4 минг нафар аҳолининг сув таъминоти сифати яхшиланади. Натижада вилоятнинг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 87,9 фоиздан 89,4 фоизгача ошиши кутилмоқда.
Энг муҳими, бу рақамлар ортида инсон манфаати, аҳоли саломатлиги ва турмуш сифати турибди. Наманган вилоятида мураккаб географик шароит ва инфратузилмага тушаётган юқори юкламага қарамай, соҳада олиб борилаётган тизимли ишлар сув таъминотини яхшилаш бўйича узоқ муддатли ва барқарор ечимлар шаклланаётганидан далолат беради.
Зеро, сув бу шунчаки коммунал хизмат эмас. У аҳоли фаровонлиги, ҳудудлар ривожи ва инсон қадрини таъминлашнинг муҳим мезонларидан биридир.
Нилуфар Бозорова, ЎзА