Наманганда “Судьялар боғи” барпо этилди
Мамлакатимиз бўйлаб кенг кўламда ўтказилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Наманган вилояти суди жамоаси томонидан эзгу ишга қўл урилди. Тўрақўрғон туманидаги “Шоҳидон нурли диёр” массивида жойлашган ҳудудда манзарали кўчатлар экиш ишлари олиб борилди.
Тадбирда Наманган вилоят суди раиси Алишер Усмонов, Ўзбекистон Қаҳрамони, қишлоқ хўжалиги фахрийси, туман Кенгаши депутати Халчахон Мирзаева “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг аҳамияти хусусида тўхталиб, мазкур экологик саъй-ҳаракат юртимизни янада обод этиш, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлашда муҳим эканлигини таъкидлади.



Хайрли акцияда вилоят, шаҳар, туман судларининг 200 нафардан зиёд ходими иштирок этиб, минг тупга яқин манзарали кўчатлар ўтқазди. Тадбирда онахонлар томонидан ўзбек миллий пишириқлари тайёрланиб дастурхонга тортилди. Шунингдек, Тўрақўрғон туманидаги 5-сонли умумтаълим мактабида ҳам дарахт экиш акцияси ташкил этилди. Мактаб ҳовлисига 20 туп манзарали дарахт кўчатлари ва турли хил гуллар экилди. Акция якунида тумандаги Тошкент маҳалласида яшовчи кам таъминланган оила вакилларининг ҳам ҳолидан хабар олинди ва уларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги тадбирлар вилоятдаги барча суд идораларида давом этмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.