Наманганда сайёр қабул ва тиббий кўрик
Наманган шаҳрининг Давлатобод туманидаги 1-сонли шаҳар шифохонасида cоғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Жалолиддин Асамуддинов иштирокида фуқаролар қабули ҳамда тиббий кўрик ўтказилди.
Тадбирда даставвал, ушбу даво масканида яратилган шарт-шароитлар, беморларни қабул қилиш, текширувлардан ўтказиш ва даволаш жараёнлари билан яқиндан танишилди. Вазир ўринбосари шифохонани замонавий тиббий-диагностик аппаратуралар билан жиҳозлаш, кучли рақобат шароитида малакали тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича зарур тавсияларни берди.
Қабул давомида аҳоли томонидан тиббий хизмат кўрсатиш сифати, даволаниш, ихтисослаштирилган тиббий ёрдам олиш, дори-дармон таъминоти ва бошқа қатор масалалар юзасидан мурожаатлар тингланди. Ҳар бир мурожаат масъуллар иштирокида атрофлича кўриб чиқилиб, уларнинг ечими бўйича амалий чоралар белгиланди.

Дарҳақиқат, бундай учрашувлардан кўзланган асосий мақсад аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш, жойлардаги муаммоларни ўрганиш ва уларга тезкор ечим топишдир. Бинобарин, бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан аҳоли мурожаатлари билан ишлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу боис Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарияти жойларга чиқиб, фуқаролар билан юзма-юз мулоқот ўтказмоқда. Бундай қабуллар орқали одамларни қийнаётган муаммолар ўрганилиб, уларнинг аксарияти жойида ҳал қилинмоқда. Мақсад – мурожаатлар ортида турган инсон тақдирига бефарқ бўлмаслик ва фуқароларнинг тиббиёт тизимига бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш.

– Бир неча йиллардан бери орттирилган юрак нуқсони ташҳиси билан даволаниб келардим. Сайёр қабул ва тиббий кўрик ўтказилиши ҳақида хабардор бўлиб, шифохона сари ошиқдим, – дейди беморлардан бири Носиржон Ғозиев. – Қабулда ҳолатимни кўздан кечиришди ва масалага зудлик билан эътибор қаратилди. Дўхтирлар керакли йўлланмаларни расмийлаштириб, тез орада юрагимда мураккаб жарроҳлик амалиётини бепул ўтказишларини айтишди. Бунинг учун беҳад миннатдорман.


Қабул давомида қатор мурожаатлар жойида ҳал этилди, қўшимча ўрганиш талаб қиладиган масалалар бўйича эса масъулларга аниқ топшириқлар юклатилди. Зотан, бундай қабуллар аҳолининг дарду ташвишларини эшитиш, муаммоларга тезкор ечим топиш ва халқ билан давлат идоралари ўртасидаги ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА