Наманганда “Олийгоҳ кубоги – 2026” инновацион танловига старт берилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилоятида ёш муҳандислар ва инноваторларни қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим тадбир – “Олийгоҳ кубоги – 2026” инновацион муҳандислик танловининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур танлов Наманган давлат техника университети ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, унинг умумий мукофот жамғармаси 100 миллион сўмни ташкил этади.
Тадбир ёшларнинг илмий салоҳиятини рўёбга чиқариш, инновацион ғояларни рағбатлантириш ҳамда муҳандислик соҳасида креатив фикрлашни ривожлантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Шу жиҳатдан мазкур танлов билим ва салоҳият синови билан бирга, илғор ғоялар майдони сифатида ҳам намоён бўлмоқда.
Очилиш маросимида университет ректори, профессор Ойбек Эргашев, вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи, подполковник Шароф Исломов ҳамда Инновацион ривожланиш агентлигининг ҳудудий бўлинмаси раҳбари Нодирбек Жўрабаев иштирок этди. Сўзга чиққанлар ёшларга омад тилаб, бундай танловлар уларнинг билим ва иқтидорини намоён этиш, янги ғояларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
[gallery-28685]
Танлов доирасида иштирокчилар робототехника, дрон технологиялари, киберхавфсизлик ҳамда сунъий интеллект каби замонавий йўналишларда ўз лойиҳаларини тақдим этади. Бу эса талабаларга назарий билимларини амалиётда синаб кўриш, янги ишланмалар яратиш ва ўзаро тажриба алмашиш имконини беради.
Мутахассислар фикрича, “Олийгоҳ кубоги – 2026” каби ташаббуслар мамлакатда инновацион экотизимни ривожлантириш, ёш мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг глобал технологик жараёнларда фаол иштирокини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА