Наманганда Исҳоқхон Ибрат ворисларига китоблар совға қилинди
Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ташаббуси билан миллий озодлик, мустақиллик учун курашган жадидлар, мутафаккир алломаларнинг кўрсатган юксак жасоратлари, уларнинг ибратли умр йўллари ҳақида ҳикоя қилувчи “Жадидлар” китоб тўпламлари нашр қилинди.
Мустақиллигимизнинг ўттиз бир йиллигига бағишланган туҳфа айни кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудлари, хусусан, Наманган вилоятидаги таълим муассасаларига етказилмоқда.
Тўрақўрғон туманида буюк маърифатпарвар олим, жадидчи, таржимон ва ношир Исҳоқхон тўра Жунайдуллахон тўра ўғли Ибрат номи билан аталадиган музейида “Жадидлар” китоб тўпламлари тақдимоти ўтказилди.

Унда Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси мутасаддилари, тарихшунос олимлар, шоир ёзувчилар, журналистлар, тумандаги умумтаълим мактаби директорлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Маънавий-маърифий тадбирда Наманганда яшаб ўтган буюк жадидчи алломалар, хусусан, Исҳоқхон Ибрат, таваллудининг 110 йиллиги кенг нишонланаётган Усмон Носир, Муҳаммадшариф Эгамберди ўғли Сўфизода сингари маърифатпарвар олимларнинг ҳаёти ва юрт равнақи йўлида кўрсатган матонати, амалга оширган буюк ишлари ҳақида атрофлича маълумотлар берилди. Тумандаги барча умумтаълим мактабларининг ахборот-ресурс марказлари учун “Жадидлар” китоб тўпламлари тақдим қилинди.

Шунингдек, ташкилотчилар томонидан Президент таълим муассасалари агентлиги ҳузуридаги Исҳоқхон Ибрат номидаги хорижий тиллар ихтисослашган ижод мактаби ўқувчилари билан ижодий учрашув ўтказилди. Самимий руҳда кечган мулоқотда фаол ўқувчилар ва мактаб кутубхонасига “Жадидлар” китоб тўпламлари совға қилинди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА