Наманганда Guinness рекордини ўрнатишга киришилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилоятида анъанавий халқаро Халқаро Гуллар фестивали доирасида яна бир муҳим ташаббусга старт берилди. Вилоят марказида ўтказилган тантанали маросимда 65-халқаро фестиваль арафасида “Жамоа бўлиб бир ой давомида энг кўп экилган гуллар” йўналишида Guinness World Records рекордини ўрнатиш жараёни бошланди.
Тантанали тадбирда вилоят раҳбарияти, нуронийлар, ёшлар, кенг жамоатчилик ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Б. Нуритдинов мазкур ташаббус нафақат гул экиш, балки ҳудуднинг экологик барқарорлиги ва туризм салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилишини таъкидлади.
[gallery-28906]
Шунингдек, жараёнларни шаффоф ва адолатли баҳолаш мақсадида Guinness World Records ташкилотининг Дубай шаҳридаги ваколатхонаси вакили Канзи Дефрави онлайн тарзда иштирок этди. У ўз мурожаатида Наманганда амалга оширилаётган ишлар халқаро стандартлар асосида кузатиб борилаётганини қайд этди.
Қайд этилганидек, сўнгги йилларда Наманганда гулчилик маданияти янги босқичга кўтарилди. Хусусан, 2018 йилда 4,5 миллион туп гул экилган бўлса, жорий йилда 120 турдаги 150 миллиондан ортиқ гул кўчатини экиш режалаштирилган. Бу эса ҳудуднинг эстетик қиёфаси билан бирга инвестицион ва туристик жозибадорлигини ҳам оширишга хизмат қилмоқда.
Жорий йилда 65-Халқаро Гуллар фестивали 24 майдан 12 июлга қадар ўтказилиши режалаштирилган. Унинг доирасида 150 дан ортиқ маданий-маърифий тадбир, халқаро форум, кўргазма ва концерт дастурлари ташкил этилади.
Тантанали маросимда барча иштирокчилар рамзий саноқ орқали рекорд ўрнатиш жараёнига старт берди.
Мазкур ташаббус нафақат рекорд ўрнатиш, балки Наманганнинг халқаро имижини мустаҳкамлаш, экологик муҳитни яхшилаш, аҳоли ўртасида бунёдкорлик руҳини кучайтириш ҳамда юбилей тарзида ўтказиладиган 65-анъанавий Халқаро Гуллар фестивали нуфузини янада оширишга хизмат қилади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА