Муваффақиятга элтувчи муҳим қадамлар: Лидер аёллар нима дейди?
Жамият тараққиётида аёл-қизларнинг ўрни катта. Хусусан, илм-фан, технология, бошқарув ва ижтимоий соҳаларда уларнинг фаол иштироки нафақат шахсий муваффақият, балки бутун мамлакат ривожига хизмат қилмоқда.
Ёшлар ишлари агентлигида ташкил этилган тадбир ҳам ана шундай муҳим мақсадга хизмат қилади.
Тадбир доирасида намойиш этилган “Олима йўли” ҳамда “Икки йўл, икки тақдир” номли фильмлар аёл-қизларнинг ҳаётдаги танловлари, қатъияти ва муваффақият сари босиб ўтган йўлларини ёритади.
Бу асарлар томошабинни нафақат ўйлашга ундайди, балки ички кучини англаш, ўз олдига аниқ мақсад қўйишга чорлайди.
[gallery-28794]
Тадбирнинг яна бир муҳим жиҳати, премьерадан сўнг ташкил этилган жонли мулоқотдир. Унда илм-фан ва халқаро ташкилотларда катта тажрибага эга бўлган етук аёл лидерлар иштирок этди.
Хусусан, Тошкент ахборот технологиялари университети профессори Дилдора Муҳаммадиева, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти Шаҳло Турдиқулова ҳамда Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Канокпан Лао-Арая ўз билим ва тажрибалари билан ўртоқлашди.
Уларнинг ҳаёт йўли ва муваффақият ҳикоялари ёшлар учун кучли мотивация манбаи бўлиб хизмат қилади.
Бундай очиқ мулоқотлар назарий билимдан ташқари реал тажрибага асосланган маслаҳатлар ҳам беради. Ёшлар ўзларини қийнаётган саволларга жавоб топади, иккиланаётган қарорларига аниқлик киритади ва энг муҳими, ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлайди.
Шунингдек, тадбир аёл-қизларнинг илм-фан ва инновациялар соҳасидаги иштирокини кенгайтиришга ҳам хизмат қилади.
Бугунги глобал рақобат шароитида билим ва малака асосий устунлик омилига айланган. Шу боис, бундай ташаббуслар орқали ёш авлодни илм олиш, янги ғоялар яратиш ва ўз салоҳиятини намоён этишга ундаш ниҳоятда муҳим. Мазкур тадбир оддий кино намойиши ёки учрашув эмас, балки ўз ҳаёт йўлини излаётган аёл-қизлар учун муҳим илҳом манбаи ва амалий йўриқнома вазифасини бажаради. Дилдора ДЎСМАТОВА,
Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА