Мустақилликнинг 35 йиллиги: тараққиёт, таълим ва келажак сари дадил қадамлар
Истиқлол — ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи, миллий ўзлик ва буюк келажак сари очилган йўлдир. Ҳар бир халқ тарихида унинг тақдирини тубдан ўзгартирган, келажагига янги мазмун бахш этган муҳим саналар бўлади. Ўзбекистон учун 1991 йил 31 август ана шундай буюк тарихий бурилиш бўлди. Шу куни мамлакатимиз давлат мустақиллигини эълон қилди. Орадан ўтган 35 йил давомида Ўзбекистон сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маънавий ҳаётнинг турли жабҳаларида ўз тараққиёт йўлини шакллантириб борди.
2026 йил 2 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни муносиб ўтказиш бўйича қарори қабул қилинди. Юбилей тадбирлари “Битта Ватан, битта халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз” шиори остида ўтказилмоқда.
Мустақилликнинг 35 йиллиги доирасида юртимизнинг турли ҳудудларида қатор маънавий-маърифий ва маданий тадбирлар ташкил этилиши, “Ватан фидойилари” рамзий монументи эскиз лойиҳасини ишлаб чиқиш ва уни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, туман ва шаҳарларда 2026–2030 йилларда барпо этиладиган умуммиллий бирдамлик боғларининг марказий қисмига ўрнатиш, шунингдек, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, уларнинг натижалари ва эришилган ютуқларни акс эттирувчи “Мустақиллик зафарномаси” махсус китоб-албомни тайёрлаш каби муҳим вазифалар белгиланган.
Август ойида Тошкент шаҳрида “Мустақил Ўзбекистон — 35 йиллик тараққиёт йўли: ислоҳотлар, натижалар ва истиқболлар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференсия ўтказилиши, август–сентябр ойларида эса хориждаги ватандошлар ҳамда ўзбек диаспораси вакиллари иштирокида “Мустақил Ўзбекистон — ғурурим, ифтихорим” шиори остида маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилиши кўзда тутилган.
2026 йилда нишонланаётган Мустақилликнинг 35 йиллиги ана шу мураккаб ва шарафли йўлга назар ташлаш, эришилган натижаларни сарҳисоб қилиш ҳамда келажак олдидаги улкан вазифаларни белгилаш учун муҳим тарихий имкониятдир.

Ҳар қандай давлатнинг эртанги куни унинг бугун ёш авлодга бераётган таълими билан чамбарчас боғлиқ. Чунки билимли, замонавий фикрлайдиган, ташаббускор ва ватанпарвар авлод мамлакат тараққиётининг энг катта бойлигидир.
Шу маънода, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда таълим тизимини такомиллаштириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Айниқса, сўнгги йилларда таълимнинг барча босқичлари, жумладан, олий таълим тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бугун олий таълим муассасаси фақат диплом берадиган маскан эмас. У илм-фан, инновация, тафаккур ва янги ғоялар маркази бўлиши керак. Замонавий университетнинг асосий вазифаси талабага тайёр билим бериш билангина чекланмай, уни мустақил фикрлашга, изланишга, муаммоларга янгича ёндашишга ва эгаллаган билимларини амалиётда қўллашга ўргатишдан иборат.
Бугунги олий таълим тизимида рақамли технологиялардан фойдаланиш, замонавий педагогик методларни жорий этиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда илм-фан ва таълим интеграциясини кучайтириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, рақамлаштириш жараёни университетлар фаолиятига тобора чуқур кириб бормоқда. Замонавий технологиялар таълим ресурсларидан фойдаланиш, масофавий таълим, электрон бошқарув ва илмий ҳамкорлик имкониятларини кенгайтирмоқда. Ўзбекистонда рақамли трансформациянинг янги босқичи, сунъий интеллект ва замонавий технологияларни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор олий таълим олдига ҳам янги вазифаларни қўймоқда.
Бухоро давлат университетида компьютер лингвистикаси йўналиши бўйича бакалавриат ва магистратура босқичларининг йўлга қўйилгани, шунингдек, илмий даражалар берувчи ихтисослик кенгашининг ташкил этилгани бунга яққол мисолдир.
Ўзбек тилшунослиги ва журналистика кафедрасида 2026 йилда 7 та фан доктори (DSС) ва 2 та фалсафа доктори (PhD) диссертациясининг муваффақиятли ҳимоя қилингани ҳам илмий салоҳият ва тадқиқотлар кўламининг тобора кенгайиб бораётганидан далолат беради.
Олий таълимдаги ислоҳотлар ҳақида гапирганда, профессор-ўқитувчининг ўрнини алоҳида таъкидлаш лозим. Замонавий университетда ўқитувчи нафақат билим берувчи, балки талабанинг илмий ва ижодий изланишларига йўл кўрсатувчи ментор, тадқиқотчи ва инноватор сифатида майдонга чиқмоқда.
Шу сабабли профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳиятини ошириш, хорижий тажрибани ўрганиш, малака ошириш, илмий тадқиқотларга жалб этиш ва академик мобиллик имкониятларини кенгайтириш олий таълим сифатини оширишнинг муҳим шартларидан биридир.
Олий таълим тизими олдида турган муҳим вазифалардан яна бири — таълим мазмунини меҳнат бозори эҳтиёжлари билан янада уйғунлаштиришдир. Чунки бугунги иш берувчи фақат назарий билимга эга мутахассисни эмас, балки амалий кўникма, рақамли саводхонлик, таҳлилий ва танқидий фикрлаш, мулоқот маданияти ҳамда жамоада ишлаш қобилиятига эга кадрни изламоқда. Шу боис келажак олий таълимида “диплом учун ўқиш” эмас, “билим ва компетенсия учун ўқиш” тамойили устувор бўлиши керак.
Мустақилликнинг 35 йиллиги ҳақида гапирганда, албатта, ёшлар ҳақида сўз юритиш лозим. Чунки бугунги ёшлар эртанги Ўзбекистоннинг қиёфасини белгилайди.
Ёшларнинг замонавий билим олиши, хорижий тилларни ўрганиши, илм-фан ва технологияларга қизиқиши, халқаро таълим дастурларида иштирок этиши учун имкониятларнинг кенгайиши мамлакатнинг келажакдаги интеллектуал салоҳиятини оширади.
Бироқ имкониятнинг ўзи етарли эмас. Ундан самарали фойдаланиш ҳам зарур. Ёш авлод зиммасида билим олиш, изланиш, янгилик яратиш, Ватанга садоқат билан хизмат қилиш каби катта масъулият бор.
Мустақилликнинг 35 йиллиги — ортга қараб, эришилган натижалардан фахрланиш билан бирга, олдинда ҳали бажарилиши лозим бўлган вазифаларни ҳам англаш давридир.
Олий таълим тизимининг истиқболи, аввало, таълим сифатини янада ошириш, университетларнинг халқаро рақобатбардошлигини кучайтириш, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, рақамли технологияларни кенг жорий этиш ва ёшларнинг инновацион салоҳиятини рўёбга чиқариш билан боғлиқ.
Келажакда университетлар нафақат миллий, балки халқаро илмий-таълим майдонининг фаол иштирокчисига айланиши, Ўзбекистон олимлари ва ёш тадқиқотчиларининг халқаро илм-фан ҳамжамиятидаги мавқейи янада мустаҳкамланиши муҳим. Зеро, бугун университет аудиториясида ўтирган талаба — эртага олим, муҳандис, шифокор, педагог, журналист, давлат хизматчиси ёки тадбиркор сифатида мамлакат тараққиётига ўз ҳиссасини қўшади.
Мустақилликнинг 35 йиллиги бизни бир ҳақиқат ҳақида чуқурроқ ўйлашга ундайди: келажак ўз-ўзидан бунёд бўлмайди. Уни бугунги авлоднинг билими, меҳнати, масъулияти ва эзгу интилишлари яратади.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги барчамизга муборак бўлсин! Юртимиз тинч, халқимиз фаровон, таълимимиз тараққийпарвар, илм-фанимиз, келажагимиз эса янада порлоқ бўлсин!
Нафиса Ҳамроева,
Филология фанлари доктори (DSC),
Бухоро давлат университети доценти