Мустақилликнинг 35 йиллиги – ички ишлар органларидаги 35 муҳим ислоҳот
Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар идоралари халқ осойишталигини таъминловчи муҳим тузилмаган айланди. Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратишга оид ислоҳотлар амалга оширилди. Ана шу ислоҳотлардан 35 таси билан қуйида танишасиз:
1.Норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш: соҳага оид 51 қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди.
2.Идоравий ҳужжатларни ревизия қилиш: амалий аҳамиятини йўқотган ва бир-бирини такрорловчи 370 буйруқ тўлиқ бекор қилинди.
3. “Бир соҳавий хизмат – бир ҳужжат” тамойили: тизимлаштириш ишлари доирасида 25 янги буйруқ ва 42 қўшма қарор қабул қилинди.
4.Юқори халқаро ва маҳаллий баҳоланиш: “Сифатли давлат бошқаруви” дастурига кўра, ИИВ давлат хизматларини кўрсатиш самарадорлиги бўйича энг намунали органлардан бири сифатида эътироф этилди.
5.Ташкилий департамент модернизацияси: Департаментнинг янги замонавий тузилмаси жорий этилиб, фаолияти ягона интеграциялашган платформа асосида тўлиқ рақамлаштирилди.
6. Мустақил ижро назорати бўлими: Бевосита вазирга бўйсунувчи, мустақил мақомга эга ижро назорати бўлими ташкил этилди.
7.Ситуацион марказлар тармоғи: Республика миқёсида куч-воситаларни онлайн назорат қилувчи Ягона ситуацион марказ ҳамда ҳудудий марказлар ишга туширилиб, 100 мингдан зиёд камералар интеграция қилинди.
8.KPI асосида баҳолаш тизими: Ички ишлар органларида “Натижага йўналтирилган бошқарув” кучайтирилиб, раҳбарларнинг ҳар бир фаолияти KPI асосида баҳоланиши йўлга қўйилди.
9.Маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари: Республика бўйича туман-шаҳар ички ишлар бошқармалари таркибида 106 маҳалла масканлари фаолияти йўлга қўйилди.
10.Маҳалладаги жиноятчиликни илмий тадқиқ қилиш маркази: Криминология тадқиқот институти таркибида қарор қабул қилишда илмий ёндашувни таъминловчи марказ ташкил этилди.
11. Илғор тажрибаларни оммалаштириш: “Қўқон тажрибаси”, “Чилонзор тажрибаси” ҳамда тергов муддатларини қисқартиришга қаратилган “Сурхондарё тажрибаси” амалиётга кенг жорий этилди.
12. Мактабларда хавфсизлик муҳити: Умумтаълим мактабларида ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш учун 2 минг нафар инспектор-психологлар ва профилактика инспекторларининг фаолияти йўлга қўйилди.
13. Рақамли технологиялар департаменти: Ахборот технологиялари ва ҳуқуқий статистика бош маркази негизида янги департамент ташкил этилиб, сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш бўлинмаси очилди.
14. “Хавфсиз шаҳар” платформаси: 46 мингдан ортиқ видеокузатув камералари ва 35 дан ортиқ вазирлик ва идораларнинг маълумотлар базалари ягона тизимга бирлаштирилди.
15. Хизматларнинг рақамлашуви: вазирлик томонидан кўрсатиладиган жами хизматларнинг 95 фоизи рақамли шаклга ўтказилди.
16.“Менинг инспекторим” мобил иловаси: 6 миллиондан ортиқ аҳолига ички ишлар ходимлари билан тўғридан-тўғри рақамли мулоқот қилиш имконияти яратилди.
17.Киберхавфсизлик департаменти ва тизимлари: ИИВ кибержиноятларга қарши курашишда ваколатли орган этиб белгиланиб, сунъий интеллектга асосланган “Турон”, “Кард блок” ва “Сайбер-шилд” каби дастурий тизимлар ишга туширилди.
18. Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш тузилмаси: Тезкор қидирув департаменти таркибида халқаро тезкор-қидирув бўлими ҳамда уюшган жиноятчиликка қарши курашиш хизмати ташкил этилди.
19.“Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлиги: Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тизимли равишда тезкор-профилактик ойликлари ўтказилиши йўлга қўйилди.
20.Гиёҳвандликка қарши кураш ва Call-марказ: Гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш бўлими ҳамда туну-кун ишлайдиган “Call-markaz” ташкил этилди.
21.Тунги хизмат ва махсус гуруҳлар: Тошкент шаҳрида тунги хизматни ташкил этиш бўйича ўринбосар лавозимлари, учувчисиз учиш аппаратлари (дронлар) гуруҳлари ва алоҳида сафарбарлик отряди ташкил этилди.
22.Жарима баллари тизими: ЙПХ инспекторлари ҳамда фото-видео қурилмалар орқали аниқланган қоидабузарликлар учун жарима балларини ҳисоблаш тартиби жорий этилди.
23.Автоматик аниқлаш ва Face-ID қурилмалари: Ҳайдовчилик ҳуқуқи бўлмаган шахсларни ва пиёдаларга йўл бермаган транспорт воситаларини Face-ID орқали автоматик қайд этиш тизимлари ишга туширилди.
24.Маст ҳайдовчиларга қарши онлайн назорат: Маст ҳайдовчиларни аниқлаш бўйича электрон платформа ишга туширилиб, 1 минг 346 замонавий алкотестер қурилмалари онлайн назоратга олинди.
25.Миграция ва персоналлаштириш департаменти: Персоналлаштириш агентлиги ИИВ таркибига ўтказилиб, чет элдаги фуқаролар хавфсизлигини таъминловчи “Ягона миграция” ахборот тизими ишга туширилди.
26. “Ақлли миграция шохобчалари”: Фуқароларга прописка, паспортизация ва миграция хизматларини ўз-ўзига хизмат кўрсатиш орқали олиш имконини берувчи шохобчалар фаолияти йўлга қўйилди.
27.Қўриқлаш хизматини тўлиқ рақамлаштириш: Қўриқлаш департаменти ИИВ таркибига ўтказилиб, шартнома ва жараёнлар тўлиқ электрон шаклга (“E-Qo‘riqlash”, “E-THG”) ўтказилди.
28.Штатларнинг оптималлашуви ва комплаенс хизмати: Давлат бюджети ҳисобидан қўшимча 2 минг 965 штат бирлиги ажратилиб, тизимда очиқликни таъминлаш учун Комплаенс хизмати ташкил этилди.
29.Таълим ва академия ислоҳотлари: ИИВ Академиясида Киберхавфсизлик ва рақамли криминалистика факультети очилиб, масофавий ва дуал таълим шакллари жорий қилинди.
30.Кадрларни қабул қилиш механизмларининг соддалашуви: Номзодларни яшаш жойи бўйича ишга қабул қилиш ва тор ихтисослик мутахассисларини имтиҳонсиз қабул қилиш амалиёти йўлга қўйилди.
31.Жанговар тайёргарлик ва “E-Nishon” рақамли тизими: Ходимларнинг жанговар шайлиги оширилиб, амалий ўқ отиш машғулотлари натижаларини автоматик баҳоловчи “E-Nishon” тизими жорий этилди.
32.Спортни оммалаштириш: Ходимларнинг ҳафтада икки кун спорт билан шуғулланиши белгиланди, шунингдек, волейбол клублари ва ММА спорт базалари ташкил этилди.
33.Ижара компенсацияларининг оширилиши: Тошкент шаҳрида ижарада яшовчи ходимлар учун ижара компенсацияси миқдори сезиларли даражада (4,7 миллион сўмгача) оширилди.
34.Кучайтирилган ижтимоий кафолатлар: Тунги хизмат учун қўшимча ҳақ тўлаш, кўп йил хизмат қилган профилактика инспекторларини 100 фоизлик пенсия таъминоти билан чиқариш ва фоизсиз қарз бериш механизми яратилди.
35.Моддий-техник базани тубдан мустаҳкамлаш: Ҳудудий органларга юзлаб янги автотранспорт воситалари, минглаб компьютер ва планшетлар тарқатилиб, янги маъмурий бинолар қурилиши ва реконструкция қилиниши таъминланди.
ЎзА мухбири
Норгул Абдураимова
тайёрлади.