Мустақилликнинг 35 йили — бунёдкорлик ва бирдамлик тимсоли
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 1 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш доирасида мамлакатимиз бўйлаб кенг кўламли маънавий-маърифий, ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари изчил амалга оширилмоқда. Ушбу эзгу жараёнлар Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида ҳам халқимизнинг бирдамлиги, фидокорона меҳнати ва Ватан тараққиётига дахлдорлик туйғуси билан уйғун ҳолда юксак суръатларда давом этмоқда.
Бугун туманнинг барча маҳаллаларида Мустақиллигимизнинг 35 йиллигини муносиб кутиб олиш мақсадида амалга оширилаётган ишлар аҳоли учун янада қулай ва обод ҳаёт муҳитини яратишга, ҳудудларнинг замонавий қиёфасини шакллантиришга ҳамда инсон қадрини улуғлашга хизмат қилмоқда.


Жумладан, маҳаллаларда кўчалар ва жамоат масканлари ободонлаштирилмоқда, ариқ ҳамда зовурлар тозаланиб, санитария ҳолати яхшиланмоқда. Яшил ҳудудларни кенгайтириш мақсадида дарахт ва гул кўчатлари экилиб, ички йўллар тартибга келтирилмоқда. Бу каби эзгу ишлар маҳалла фаоллари, нуронийлар, ёшлар, хотин-қизлар ҳамда мутасадди ташкилотлар вакилларининг ҳамжиҳатлигида амалга оширилаётгани билан алоҳида аҳамият касб этади. Ана шундай ҳамкорлик ва фидокорлик туфайли ҳар бир маҳаллада байрам арафасига муносиб обод ва файзли муҳит яратилмоқда.
Инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган инфратузилма лойиҳалари ҳам изчил давом этмоқда. Хусусан, Пахтакор туманининг “Боғишамол” маҳалла фуқаролар йиғини Қорамирза қишлоғида аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, томорқачилик имкониятларини кенгайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида муҳим лойиҳа ҳаётга татбиқ этилмоқда. Унга мувофиқ, 8 километр масофага оқар сув тармоғини ётқизиш ишлари амалга оширилмоқда.


Мазкур лойиҳанинг рўёбга чиқиши қишлоқ аҳолисининг томорқа ерларидан янада самарали фойдаланиш имкониятини кенгайтиради, деҳқончилик ва тадбиркорликни ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратади. Бу эса аҳоли даромадларини ошириш, қишлоқ инфратузилмасини такомиллаштириш ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади.
Мустақиллик байрами арафасида амалга оширилаётган ишлар нафақат бунёдкорлик, балки юксак маънавий муҳитни қарор топтиришга ҳам қаратилгани билан аҳамиятлидир. Ана шундай тадбирлардан бири Пахтакор туманидаги “Самарқанд” МФЙ да юқори савияда ташкил этилди.
Кўтаринки руҳда ўтган байрам дастурида туман маданият бўлими санъаткорлари томонидан Ватанга муҳаббат, тинчлик, ҳамжиҳатлик ва мустақиллик ғояларини тараннум этувчи куй-қўшиқлар ҳамда бадиий чиқишлар намойиш этилди. Мазмунан бой ва таъсирчан чиқишлар маҳалла аҳолиси, нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшлар томонидан катта қизиқиш ҳамда самимий олқишлар билан қарши олинди.


Айниқса, байрам тадбирида юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, халқимиз фаровонлиги, мамлакатимиз тараққиёти ҳамда мустақилликнинг бебаҳо неъмати ҳақида билдирилган фикрлар иштирокчилар қалбида Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусини янада мустаҳкамлади. Бу эса Президентимиз фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, аҳоли, айниқса, ёшлар қалбида миллий ғурур, Ватанга садоқат ва фидойилик фазилатларини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Туманда амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари, аҳоли манфаатларига хизмат қилувчи инфратузилма лойиҳалари ва юксак савияда ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳудудлардаги амалий ифодасидир. Бу эзгу ишлар юртимизнинг энг улуғ байрами — Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини муносиб қарши олиш, халқимиз фаровонлигини янада юксалтириш ҳамда Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга хизмат қилмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири