Мустақиллик шукуҳи спорт ва маданий тадбирларда намоён бўлмоқда
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан кимё саноати корхоналари ходимлари ўртасида кенг қамровли спорт ва маданий тадбирларга старт берилди.
“Ўзкимёсаноат” АЖ ташаббуси билан ташкил этилган тадбирларнинг дастлабки босқичи Д.И. Менделеев номидаги Россия кимё-технология университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида бўлиб ўтди. Унда тармоқ корхоналари жамоалари иштирок этиб, “Мустақиллик тўйи” фестивали ҳамда “Мустақиллик кубоги” мусобақалари доирасида ўз маҳорат ва иқтидорларини намоён этди.
Спорт беллашувларида иштирокчилар турли йўналишларда куч синашиб, жисмоний тайёргарлиги, чаққонлиги ва жамоавий ҳаракатларини кўрсатган бўлса, фестиваль дастурида ижодий чиқишлар, маданий беллашувлар ҳамда жамоаларнинг ўзига хос дастурлари намойиш этилди.

“Ўзкимёсаноат” АЖ ахборот хизмати раҳбари Ҳожиакбар Тўлагановнинг таъкидлашича, мазкур тадбирлар нафақат байрамона кайфият улашиш, балки тармоқ ходимларини бир мақсад атрофида бирлаштиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
– Бугунги тадбирларда спорт ва маданият уйғунлашиб, тармоқ корхоналари жамоаларини янада бир-бирига яқинлаштирди. Бундай мусобақалар ходимларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг спортга бўлган қизиқишини ошириш ва жамоавий руҳни мустаҳкамлаш учун яхши имконият яратади. Энг муҳими, бу каби ташаббуслар ҳамкасблар ўртасида дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни янада кучайтиради, – деди Ҳ.Тўлаганов.
Шунингдек, мусобақалар иштирокчиларга ўз иқтидор ва қобилиятларини намоён этиш, соғлом рақобат муҳитида тажриба алмашиш ҳамда янги дўстлик алоқаларини ўрнатиш имконини бермоқда.

Мустақилликнинг 35 йиллигига бағишланган мазкур тадбирлар байрам шукуҳини янада ошириш, кимё саноати тизими ходимларини жипслаштириш ва соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишда муҳим аҳамиятга эга.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА