Мустақиллик байрами катта шодиёна билан нишонланди
Бобур шаҳридаги амфитеатрда Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз беш йиллик байрамига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
“Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида“ ўтказилган бадиий-мусиқий, театрлаштирилган байрам тадбири Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси садолари билан бошланди.
Байрам тадбирида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан таклиф этилган давлат, жамоат ташкилотлари, таълим муассасалари вакиллари, давлатимизнинг юксак унвон, орден ва медалларига сазовор бўлган андижонликлар, меҳнат фахрийлари, ҳарбийлар, фаол ёшлар иштирок этди.
Тдбирида сўз олган Андижон вилояти ҳоким Шуҳратбек Абдураҳмонов барча андижонликларни байрам билан муборакбод этиб, мустақиллик йилларида мамлакатимизда, хусусан, вилоятда қурилиш, бунёдкорлик, саноат, қишлоқ хўжалиги, жамият ҳаётининг барча жабҳаларида, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади.
– Президентимиз ташаббуси билан кейинги йилларда ҳаётимизда, шууримизда юз бераётган ўзгаришлар андижонликларни янада юксак марралар сари илҳомлантирмоқда, – дейди вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов. – Бу меҳнатларимиз, эришаётган натижаларимизда ўз аксини топмоқда.
Хусусан, вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш 2016 йилда 16 триллион сўмни ташкил этган бўлса, кейинги йилларда олиб борилган ишлар натижасида жорий йилнинг бошига келиб, ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш хажми 107,7 триллион сўмга етди. Саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳам барқарор ўсишга эришилди. Таъкидлаш жоизки, улкан қурилиш майдонига айланган вилоятда янги-янги корхона, турар-жойлар, йўл ва кўприклар, инфратузилма объектлари, илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масканлари барпо этилди.


Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда умумий қиймати 23 триллион сўмлик 1 минг 515 та лойиҳа ишга туширилди. Натижада 22 мингга яқин янги иш ўрни яратилди.
Хусусан, 758 та хизмат кўрсатиш, 121 та янги ишлаб чиқариш корхонаси, 103 та ижтимоий соҳа объекти, 5 минг 22 та хонадонли 78 та кўп қаватли турар жой комплекси, 348 та инфратузилма объекти ҳамда 49 та маҳалла бинолари ишга туширилди.
Биргина Мустақиллик байрами арафасида Президентимиз иштирокида вилоятда қиймати 4,7 триллион сўмлик 11 та янги лойиҳа ишга туширилиб, 6 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Хусусан, янги ишга туширилган Балиқчи туманида қиймати 80 миллион долларлик тўқимачилик комплексида 1 минг 500 та, Олтинкўл, Хужаобод туманларида қиймати 50 миллион долларлик лойиҳалар доирасида ишга туширилган корхоналарда 1 минг 100 та янги иш ўринлари яратилди. Бундан ташқари, АҚШлик ҳамкорлар билан биргаликда Марҳамат туманида қиймати 15 миллион долларга тенг Логистика маркази, Олтинкўл туманида қиймати 5 миллион долларга тенг хусусий мактаб ташкил этилди.
Аслида, барча ислоҳотлар, амалга ошираётган лойиҳаларнинг асосий мақсади янги иш ўринларини яратиш, аҳоли даромадини ошириш ва инсонларнинг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шароитишга қаратилган. Шу боис ҳам Камбағалликни қисқартириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2020-2025 йилларда аҳолининг ишсизлик даражаси 11 фоиздан 4,5 фоизга туширилди. Биргина жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 368 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланди. Жорий йил охирига қадар ишсизлик даражасини 3,6 фоизга тушириш кўзда тутилган. Бу борадаги ишларни олиб боришда тадбиркорликни, хусусан, кичик ва хусусий бизнесни ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.


Вилоятда 2021-2025 йилларда аҳолининг камбағаллик даражаси 21 фоиздан 6,1 фоизга, яъни сўнги беш йилда 2,5 баробарга қисқартиришга эришилди. Жорий йил якунига қадар яна 26 мингта оиланинг 108 минг нафар аъзосини даромадли меҳнат билан банд қилиб, камбағаллик даражасини 2,4 фоизга тушириш мақсад қилинган.

Мамалакатнинг иқтисодий ривожида хорижий инвестицияларнинг ўрни ва роли муҳим аҳамият касб этади. Вилоятда бу борада ҳам салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Кейинги 5 йил ичида қарийб 5,5 миллиард долларлик хорижий инвестиция ўзлаштирилиб, 2021 йилга нисбатан 9 баробар ортди.
Биргина жорий йилнинг ўтган даврида вилоят ҳокими раҳбарлигида вилоят делегацияси Туркия, Афғонистон, Россия, Белорусия, Америка ва Хитой давлатларида бўлиб, умумий қиймати 4,5 млрд долларлик 131 та янги инвестиция лойиҳаси ҳамда ташқи савдо шартномалари бўйича келишувларга эришди. 2026 йилнинг ўзида 3,5 миллиард доллар қийматдаги хорижий инвестицияни ўзлаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Андижон халқаро аэропортининг қайта ишга туширилганлига ҳам вилоятдаги катта ишлардан бири бўлди. Бугун мазкур аэропорт замонавий улкан ҳаво кемаларини қабул қилиш имкониятига эга. Айни пайтда 1 минг нафар йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга, қиймати 350 миллиард сўмдан зиёд бўлган янги терминал биносининг қурилиши якунланмоқда.

Андижонда аҳолини замонавий ва қулай уй-жойлар билан таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг топшириғи асосида аҳолини арзон ва замонавий уй-жойлар билан таъминлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. 2016–2025 йилларда жами 1 минг 100 та кўп қаватли уй барпо этилиб, 42 минг янги хонадон аҳолига топширилди.
2026 йилда 10 минг хонадонли 211 та кўп қаватли уй-жой қуришни режалаштирилгавн. Бугунги кунга қадар 5,5 хонадонли 80 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди. Олиб борилаётган қурилиш, бунёдкорлик ишлари натижасида республикамизнинг энг обод, кўркам ҳудудларида бирига айланмоқда, кўплаб янги-янги объектлар барпо этилмоқда.
Вилоят ҳокими вилоятда жуда кўп соҳаларда эътиборга молик ишлар олиб борилаётганлиги, умуман, андижонликлар мустақилликнинг ўттиз беш йиллик тўйини муносиб ютуқлар билан нишонлаётганлигини таъкидлади.
Шундан сўнг катта концерт дастури намойиш этилди.
Тадбирнинг бадиий қисмида болажонлар, спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари, бадиий жамоалар, миллий-маданий марказлар вакиллари, таниқли санъаткорлар, эстрада хонандалари томонидан ижро этилган рақс, куй ва қўшиқлар барчага хуш ва байрамона кайфият улашди.

Юртдошларимизга байрам шукуҳини хадия этаётган бу каби тантаналар вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари, маҳаллалари, меҳнат жамоаларида бўлиб ўтмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зухриддин Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари