Мурожаатлар билан ишлаш эътиборда
Коммунал хизматлар кўрсатиш тизимидаги идораларда қайси фасл ёки санада бўлишидан қатъий назар, истеъмолчилардан таъминот узвийлиги ва сифат-самарадорлиги юзасидан тизимли равишда мурожаатлар бўлиши турган гап.
Наманган шаҳри таркибидаги Янги Наманганда фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, ижро интизомини мустаҳкамлаш, иш юритиш ҳамда идоравий архив ишини ташкил этиш юзасидан бўлиб ўтган ўқув-семинарда табиий ва суюлтирилган газ таъминоти тизимидаги ҳолат атрофлича муҳокама қилинди.

Йиғилишда “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятининг "Ҳудудгаз Наманган" газ таъминоти филиали ҳамда унинг ҳудудий бўлимларининг назорат ва мурожаатлар билан ишлаш бўлими масъул ходимлари иштирок этди.
Даставвал, иштирокчилар "Янги Наманган тумангаз" газ таъминоти бўлимида яратилган меҳнат шароитлари ва ходимлар фаолияти билан яқиндан танишди. Шундан сўнг, ўқув машғулотида филиалнинг бир қатор мутахассислари томонидан ижро интизоми, мурожаатлар билан ишлаш ва электрон тизимлардан самарали фойдаланиш мавзуларида маърузалар қилинди.

Мазкур семинар соҳага оид ҳужжатлар ижросини сифатли ташкил этиш, масъулиятни ошириш ҳамда ходимларнинг малакасини мустаҳкамлашда муҳим тадбир бўлди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА