Мулоқот орқали аёллар ҳаётидаги синов ва эҳтиёжлар аниқланади
Сирдарё вилоятида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ташаббуси билан ташкил этилган “Тенглик ва ҳурмат” платформаси доирасида навбатдаги тадбир ўтказилди. Мулоқот Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Сирдарё вилояти ҳудудий марказида бўлиб ўтди.
Тадбирда Омбудсманнинг Сирдарё вилоятидаги минтақавий вакили, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Сирдарё вилояти бошқармаси, вилоят Адлия бошқармаси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти ҳудудий вакилининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари ҳамда Гулистон давлат университети психологлари иштирок этди.

Ҳозирда марказда фарзандлари билан бирга 3 нафар аёл яшамоқда. Учрашув давомида улар билан очиқ мулоқот ўтказилди, ҳаётида дуч келган қийинчиликлар, эҳтиёжлари ва келгуси режалари ҳақида фикр алмашилди. Мулоқотда, айниқса, бошпана масаласига алоҳида эътибор қаратилди, чунки айрим аёллар ўз хонадонига қайтадиган бўлса, яна зўравонликка учрашдан қўрқади. Шу боис, улар учун хавфсиз муҳитни таъминлаш ва ижтимоий уй-жой билан таъминлаш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди.


Шунингдек, учрашув давомида зўравонлик қурбонларини қўллаб-қувватлашга оид ҳуқуқий механизмлар, мавжуд имтиёз ва ҳимоя чоралари ҳақида кенгроқ тушунтиришлар берилди. Психологлар томонидан эса аёллар билан ички хавотир ва қўрқувларни енгишга қаратилган алоҳида машғулотлар ташкил этилди, бу уларнинг эмоционал барқарорлигини мустаҳкамлашга ва ижтимоий ҳаётга қайта мослашишига ёрдам берилди.


– Бундай учрашувлар аёллар учун нафақат қўллаб-қувватлаш имконияти, балки уларнинг ҳуқуқлари ва хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек ижтимоий ва эмоционал барқарорликка эришишда муҳим аҳамиятга эга. Мулоқот орқали аёллар ҳаётидаги синовлар ва эҳтиёжлар аниқланади, уларнинг хавфсиз муҳитда яшаши учун зарур чора-тадбирлар белгиланади, – дейди омбудсманнинг Сирдарё вилоятидаги минтақавий вакили Шуҳрат Алимов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири