Муносабат
Энг улуғ, энг азиз айём – Мустақиллигимизнинг ўттиз тўрт йиллик байрами арафасида муҳтарам Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, адабиёт, маданият ва санъат соҳалари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги фармонларига биноан камина ҳам «Имом Бухорий» ордени билан тақдирланганим камтарона хизматларимизнинг юксак эътирофи бўлди.
Тарихи буюк халқ буюк келажакни орзу қилади. Бундай келажакни эса Буюк Йўлбошчи, оқил ва доно сиёсатчигина барпо эта олишини Ўзбекистонимизнинг сўнгги 5-6 йиллик тарихи мисолида кўриб турибмиз. Айниқса, Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ишлар таҳсинга сазовор.
“Инсон қадри учун” деган ҳаётий тамойилга асосланиб олиб борилаётган ислоҳотлар юртимизда яшаётган кўп миллатли халқимизнинг кўнглидаги иш бўлди. Бу эзгу ташаббуснинг ижобий самарасини диний соҳада ҳам яққол кўриш мумкин.

Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг яққол натижаси – юртимизда, шу жумладан, Тошкент шаҳрида қад ростлаётган кўркам масжидлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш лозим. Чунки бугун пойтахтимиз улкан бунёдкорлик майдонига айланган. Замонавий ва ҳашаматли иморатларга мос тарзда бунёд этилган масжидларимиз узукка қўйилган кўздек шаҳримизга ярашиб тушяпти. Сўнгги 7-8 йилда пойтахтимизда ўнга яқин масжид бунёд этилди, қайта таъмирланди.
Бу маърифат ва маънавият масканлари сирасига “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф”, “Оқ уй”, “Ракат”, “Ҳасанхон қори” ва яна кўплаб қайта таъмирланган, янгидан барпо этилган жомеларни киритиш мумкин. Масжидларимизда тажрибали имом-домлаларимиз халқимиз мўмин-мусулмонларинг маърифатини, маънавиятини янада юксалтиришга хизмат қилмоқдалар.
Шу билан бирга, ҳар ҳафта режа асосида намозхонларга қулай бўлган намоз вақтларида динимиз таълимотига зид иш олиб бораётган тоифаларнинг бузғунчи қарашларига қарши раддиялар бериб бориляпти.
Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан «Жаҳолатга қарши маърифат» ғояси асосида олиб борилаётган маънавий-маърифий ишларимиз ўз натижаларини бермоқда. Адашиб турли оқимлар таъсириги тушиб қолган ёшларимиз имомларимизнинг суҳбатларидан сўнг хатоларини англаб етмоқдалар.
Зотан, Ислом маърифат, илм ва маънавият динидир. Қуръони каримда “иймон” сўзи, унинг ҳосилалари 811 марта зикр қилинган. Шунингдек, “илм” сўзи 782 марта, “маърифат” сўзи 29 марта такрорланган. “Илм”, “маърифат” сўзларининг сонини қўшсак (782+29), 811 бўлади. Яъни, илм, маърифат сони қанча бўлса, иймон ҳам шунчадир.
Бу нима дегани? Бу олимларгина чинакам иймон соҳиблари бўлишлари, уларгина Аллоҳдан том маънода қўрқишларини англатади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқарлар» (Фотир сураси, 28-оят), деб бежиз марҳамат қилинмаган.
Бошқа бир ояти каримада эса: «Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар» (Зумар сураси, 9-оят), дейилган.
Имом Термизий бобомиз ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир», деганлар. Демак, уламога кўрсатилган эҳтиром Пайғамбаримиз алайҳиссаломга, у зотнинг муборак ҳадисларини бизгача етиб келишида катта хизмат Имом Бухорий бобомизга, Имом Термизий бобомизга эҳтиромдир. Дарвоқе, орденнинг номи ҳам «Имом Бухорий» экани бежиз эмас.
Давлатимиз Раҳбарининг диний соҳа ходимларини орденлар билан мукофотлаганлари – бу бутун мўмин-мусулмонларга қаратилган эътибор, эъзоз ва эҳтиром рамзидир.
Бу мукофот бизни юртимизда амалга оширилаётган барча соҳалардаги ислоҳотларда, айниқса, диний-маърифий йўналишдаги ўзгаришларда ҳурматли Юртбошимиз билан елкама-елка туриб хизмат қилишга чорлайди. Иншоаллоҳ, шу буюк ишончни оқлаб, Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги, ёшларимизни одоб-ахлоқли, юртга муҳаббатли қилиб улғайиштиришда бор илму билимизни, тажрибамизни, ғайратимизни аямаймиз.
Абдуқаҳҳор домла ЮНУСОВ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби,
«Имом Бухорий» ордени соҳиби