Муҳим масалалар таҳлили
Қонунчилик палатасидаги «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси йиғилишида «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» Давлат дастурининг 2020 йил якуни ижроси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи эшитилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жамшид Қосимовнинг маълум қилишича, берилган топшириқлар, шу жумладан, Давлат дастури ижросини ўз вақтида таъминламаганлиги ҳамда ишга масъулиятсизлик ва сусткашлик билан ёндашганлиги учун масъулларга чоралар кўрилган.
Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолияти самарадорлигини ошириш, парламент текшируви институтидан самарали фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ҳамда қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектларининг қонун ижодкорлиги жараёнидаги ташаббускорлиги ва масъулиятини янада ошириш мақсадида “Қонун ижодкорлиги ҳамда парламент назорати жараёнлари янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди.
Йиғилишда давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг, иқтисодий, ижтимомий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида амалга оширилган чора-тадбирлар, шунингдек, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатни амалга ошириш соҳасида амалга оширилган ишлар бўйича сўз юритилди.
Таъкидланишича, жиноят ишини юритишда суриштирув, дастлабки тергов ва суд муҳокамасида процессуал ҳаракатларни амалга оширишнинг соддалаштирилган тартибини такомиллаштириш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб,Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва Олий Мажлис Сенатига киритилган. Прописка тизимини ислоҳ қилиш мақсадида “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунлар қабул қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди ва “Ўзбекистон Республикасида доимий ва вақтинча прописка қилиш тартибини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 сентябрдаги фармони билан 2021 йилдан бошлаб идентификация ID-карталарини расмийлаштириш ва бериш бўйича либерал тизим жорий этилди. Хусусан, ID-картани бир иш куни мобайнида хоҳлаган ички ишлар органлари бўлинмалари томонидан расмийлаштириб бериш, шунингдек, ўзгалар ёрдамига муҳтож қариялар ва ногиронлиги бўлган шахсларга қўшимча тўлов ундирилмасдан уларнинг яшаш манзилига борган ҳолда расмийлаштириш амалиёти йўлга қўйилди.
Йиғилишда, шунингдек, Давлат дастурининг 2020 йил якуни ижроси бўйича бир қатор соҳаларда амалга оширилган ишлар юзасидан батафсил маълумот берилди.