Пойтахтимиздаги “Ренессанс кино уйи"да Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот совриндорларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир ўтказилди.

Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот миллий адабиётимизга жаҳон адабиётидаги илғор шакл ва изланишларни олиб кираётган, ўзбек адабиётининг сара асарларини хорижда тарғиб қилаётган фидойи таржимонлар меҳнатига муносиб рағбатдир.
Танловга жами 60 нафар таржимонлардан ижодий ишлар қабул қилинди. Бу танлов номинациясининг ҳар бирига ўрта ҳисобда 10 нафардан номзод тўғри келди, деганидир.
Танловга келган асарларга баҳо бериш учун хорижий тил мутахассислари, адабиётшунослар ва таржима муҳаррирларидан иборат экспертлар гуруҳи тузилди. Асарларни кўриб чиқишда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари, Тошкент давлат шарқшунослик, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетлари мутахассислари, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти олимлари фаол иштирок этди.
Экспертлардан ташқари, танловга келган ижодий ишларни кўриб чиқиш учун иккита таркибда ишчи гуруҳ ташкил этилди. Уларнинг бири – ўзбек адабиётидан хорижий тилларга қилинган таржималарни, иккинчиси жаҳон адабиёти намуналаридан ўзбек тилига қилинган таржималарни кўриб чиқди.
Президентнинг тегишли қарорида белгиланган 6 та асосий номинациядан ташқари қўшимча 3 та рағбатлантирувчи мукофот ажратилди. Булар – “Бадиий таржима ривожига қўшган ҳиссаси учун” (Ўзбекистон фуқароларига), “Ўзбек адабиётини хорижда фаол тарғиб қилганлиги учун” (хорижлик таржимонга), “Умидли таржимон” (ёш таржимонларга).
Адабиёт ва дўстлик байрами сифатида ташкил этилган бугунги тақдирлаш маросимида Халқаро мукофот ғолибларининг ҳар бири махсус диплом, кўкрак нишони ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари, рағбатлантирувчи мукофот эгалари эса фахрий ёрлиқ ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 55 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан тақдирланди.
Танлов бадиий таржима соҳасининг ривожи учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Таржимашунослик соҳаси учун янги-янги тадқиқот объектлари яратилади, ўзбек адабиёти тарғиботи учун уфқлар кенгаяди, ёш таржимонларни етиштириш ишлари ҳам янги босқичга кўтарилади.
Н.Усмонова, ЎзА мухбири