Муаммоли қурилиш компаниялари масаласи кўтарилди
Сўнгги вақтларда қурилиш соҳасида фуқаролар мурожаатлари кўпайиб, айрим компаниялар фаолияти юзасидан саволлар туғилмоқда. Бу ҳолат истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шартномаларда аниқлик ва масъулият масалаларини янада долзарб қилиб қўймоқда.
Рақобат қўмитасига 2023 йил 19 мингта, 2024 йилда 28 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушган бўлса, бу кўрсаткич 2025 йилга келиб қарийб 54 мингга етгани кузатилмоқда. Бу тадбиркорлик субъектлари томонидан амалдаги қонунчилик талабларига етарлича амал қилинмасдан товар ва иш хизматлари кўрсатилаётгани ва соҳада мавжуд муаммолар борлигидан далолат бермоқда.
Мисол учун, қўмитага 2025 -2026 йилларда “GOLDEN HOUSE PROPERTY GROUP” МЧЖ фаолияти юзасидан жами 74 та шикоят келиб тушган.
Қўмита аралашувидан сўнг, ушбу шикоятлардан 54 таси қурувчи ҳамда фуқаро ўртасида ўзаро келишув битими имзоланиши ёки низолар судгача медиация йўли билан ҳал этилиши натижасида истеъмолчилар фойдасига 1 миллиард 128 миллион 669 минг сўм миқдорда пул маблағлари қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланган.
Хусусан, 2025 йил давомида «GOLDEN HOUSE PROPERTY GROUP» МЧЖ фаолиятидан норози бўлиб жами 40 нафар фуқаро мурожаат қолдирган. Ушбу мурожаатларнинг 35 таси (87 фоизи) ижобий ҳал этилган, шундан, 31 таси қурувчи ҳамда фуқаро ўртасида ўзаро келишув битими имзоланиши орқали ҳал этилган.
Шунга қарамай, 2026 йилнинг 1-чораги давомида мазкур қурувчи корхона фаолиятидан норози бўлиб 34 нафар фуқародан мурожаатлар келиб тушган.
Булардан 19 таси (56 фоизи) қаноатлантирилган бўлса, 5 та ҳолатда белгиланган тартибда иш қўзғатилиб ва 10 та мурожаат юзасидан ваколатли ташкилотни хабардор этган ҳолда текширув тайинланган.
Ижтимоий тармоқлар орқали ҳам айнан юқоридаги қурилиш корхонаси ва умуман бу соҳада мурожаатлар ортаётгани бир неча бор муҳокама қилинмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Рақобат қўмитаси барча қурувчи корхоналарни истеъмолчилар билан шартнома тузишда қурилишни битказиш имкониятларидан келиб чиқиб оқилона ва аниқ муддатларини белгилаш, истеъмолчиларга қонунчиликда берилган имтиёз ва ҳуқуқларни чекламаслик чораларини кўришларини сўраб қолади.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА