Момомга мактуб...
Илғор механизатор, собиқ СССР Олий Совети депутати Турсуной Охунованинг пахта териш машинасида жавлон уриб ишлашига ҳаваси келмаган бирорта хотин-қиз топилмас эди.
9 май – Хотира ва қадрлаш куни
Илғор механизатор, собиқ СССР Олий Совети депутати Турсуной Охунованинг пахта териш машинасида жавлон уриб ишлашига ҳаваси келмаган бирорта хотин-қиз топилмас эди. Шу сабаб ҳукумат топшириғи билан барча туманларда механизаторлар тайёрлаш курслари очилди. Отам мактаб раҳбари бўлгани учун мен ҳам ўқишга мажбурландим. Бошида ёқмаган бўлса-да, кейин тракторга бирам меҳр қўйдимки, гуёки мен ҳам ҳадемай Турсуной опадек машҳур бўладигандай машинамга ёпишдим, қолдим...
Момо, тракторчи бўлиб ишлаганимда саргузаштларни эсласам кулгим, баъзида йиғлагим келади, ахир мен шоир бўламан, дегандим, "Тошкантда ўқитамиз, сени" деган эдингизда.
Қуриб кетгур тракторимгаям худди одамдай меҳр қўйдим-да. Тоғам ҳайдашга рухсат бермаса, тракторнинг ғилдираклари остига ётиб олардим. Урай деса, дадамдан қўрқади, урмай деса...
Бир куни марказдан бизни телевизорга олишга катта машинада мухбирлар келди. Энг яхши механизатор, деб мени кўрсатишди. Бирам чиройли яшил комбинезон, шапка, яшил этик формам ўзимга жуда ёқарди, оилада опаларимдан катта кўринганим учун курсдошлари келса, стол тагига яшириниб олардим, мен опасидай кўринганимдан уялардим.
Ҳа, айтганча, тракторчилик формамга синфдошларимнинг ҳаваси келса, арпа бўйи ўсгандай бўлардим. Камералар менга қаратилган, олдиндан телевизорга кўрсатилади, деб тайёрлаб қўйилган майдоннинг эгат бошига келдим, шундай ҳам чиройли, оппоқ кабутарлар учиб юрганга ўхшайди, бир нималар ёзгим келиб, юрагим ҳапқириб кетди, кўзим бошқа жойга кетиб қолдиёв. Илҳомим келувди-да, нима қилай момо. Тракторим ўнта эгатга ликиллаб сакраб, пахтани вайрон қилиб, катта тутга бориб урилди, яхшиям паҳлавон тут бор экан, мени тутиб қолди, бўлмаса, тракторгинам бутун далани кўндалангига кезиб бўларини бўлдирарди.
Жиянингиз Иброҳим бригадир бисотидаги бор сўкишини, Тошкентдан келган мухбирлардан ҳам уялмай, бошимдан ағдарди, "қирқ йилдаям сендан тракторчи чиқмайди, мен аҳмоқ сенгаям ишонаманми-я", деб урмоқчи эди, пахтадай оқариб кетган рангимни кўриб, қўли осмонда қолди. "Айбим нима, ҳали кичкина бўлсам, ўзимни нималарга қурбон қилишим керак-а, телевизор-пеливизоринга чиқмайман" деб ётиб йиғловдим ўшанда...
Бир сафар 1 май – меҳнаткашларнинг халқаро бирдамлик куни байрамида минбарда илғор механизатор сифатида, катталарнинг ёнида фахрий бўлиб бошим аранг кўриниб турганман.
"Куйбишев колхозининг механизатори Гулбаҳор Жумаевага", деб сўз берган. Ватан ҳақидаги шеъримни чинқираб ўқиганман. Минбар пастида ўн кунлаб тонгда "раз, два, три" деб қадам ташлашни машқ қилган байрам қатнашчилари бор овози билан уч марта "ура, ура, ура" дейишган. Тепадаги бошловчи эса "яшасин" дея бақирган.
"Яшасин" чорловидан сўнг айтилган "ура"лар янграётган параднинг кети кўринмайди. Мен бечора бошим айланиб йиқилиб тушиб, шарманда бўлмасликни ўйлаб ич-этимни еб, тик оёқда парад тугагунча турганман...
Ҳа, момо мана шундай парадларда албатта атлас куйлак кийишимиз, бошимизда дўппимиз бўлиши шарт эди. Ювилиб оҳори тўкилиб кетган атлас кўйлагимизни байрамдан беш олти кун аввал дазмоллаб, кўрпа тахлами устига оҳиста қўйиб қўярдик, байрамни бирам интиқлик билан кутардик-ей...
Бир йили 1 майда қор ёғиб, атлас куйлакда байрамни "ура"лаб ўтказганим бурнимдан чиққан. Қаттиқ шамоллаб қолганман. Ура, дейман деб байрамолди машғулотларида тап этиб ҳушидан кетиб қолган мактабдошларимни эслаб "ҳе, ўша байрамлариниям", дейман ичимда.
Бир куни тўлган бункерни тўкиб келиш учун суви тез оқадиган катта канал ёнидан хирмонга кетаётиб, енгим тракторнинг пахта тўкиш ричагига илиниб, чиқмай қолди, бункер кўтарилиб кетди, на тракторни тўхтата оламан, на бункерни жойига тушираман. Ҳа, бўлди, ўлдим энди, деб ҳеч нарсани удлалолмай қолдим. Шўрлик тоғам ҳарсиллаб чопиб келиб муфтага осилувди, тақ этиб бункер жойига тушди, ичим тўкилиб кетдиёв...
Билмадим, ўшанда тоғам неча йиллик умрини бой берди экан-а... Мен эшитган сўкишларни бирорта тракторчи эшитмаган, нима қилай, ўзлари мажбурлаб ўқитди, чидасинда энди тўполончилигимгаям.
Барибир илғор бўлган бўлсам керак-да, бир колхоздан иккинчи колхозга ўтаётиб тракторимизга ўрнатилган байроқчаларни ҳилпиратиб, кўча четидаги томошабинларнинг ҳайратини ошириб, гердайиб олд қаторда машина ҳайдашнинг ҳам ўзгача гашти бор эди-да.
Тоғамнинг шўрини қуритиб, бункер ичига кириб, синфдошларимга терилган пахталарни отар эдим. Эгатнинг бошига борганда чангга ботган мени ва бўшаб қолган бункерни кўриб тоғам ичини таталаб қоларди. Синфдошларимни хурсанд қилганим учун тоғамнинг ҳар қандай ҳақоратига безрайиб, ичимдан хурсанд бўлиб тураверардим.
Ўша йили синфдошларим қатори саккизинчи синфнинг битириш имтиҳонини аълога топширдим. Кесатиқчи ўқитувчим ҳам бирам мени мақтадией...
Ҳа, шундай қилиб моможон, тракторчиликниям уйини куйдириб юборган эканман, ҳозир эсласам. Ахир, шоир бўламан девдимда.
"Бор шоир бўлсанг бўл, Тошкантда ўқи", деб оппоқ енги калта кўйлак тикиб бердингиз, оппоқ тўртбурчак сумка ҳам олдим. Тумор тақиб қўйдингиз, "Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм, деб имтиҳонга киргин" дея қайта-қайта тайинладингиз. Қўлим ва оёғимнинг қуёш тегмаган жойлари оппоқ бўлиб ажралиб қолди, денг.
Эҳ момогинама, имтиҳонларга киришим эса театрлашган спектаклдай жуда кулгули бўлган. Ассалому алайкум ўрнига миямга қуйиб қўйганингиз "Бисмилло" деб балони тўрига қолиб кетганман ўшанда...
Бугун сизни бир эсладим, момо. Шу баҳона болаликни, ёшлик йилларини хотирладим. Аммо сиз билан доим яхши эди...
Гулбаҳор ЖУМАЕВА, шоира