Молиявий жаримага оид қарор бекор қилинганда маблағлар қайтарилади
Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишларида бир қатор долзарб қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.
Хусусан, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида молиявий санкцияларни қўллашнинг аниқ ва ягона ҳуқуқий механизмларини белгилаш, юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, ушбу қонун лойиҳасида молиявий жарималарни қўллашнинг ягона, аниқ ва шаффоф тартибини белгилаш, молиявий санкцияларни ихтиёрий ва енгиллаштирилган тартибда ижро этиш механизмларини жорий қилиш назарда тутилмоқда.
Жумладан, молиявий жарима қўллаш тўғрисидаги қарорлар бекор қилинган ёки ҳақиқий эмас деб топилганда, қонунга хилоф равишда ундирилган маблағларни ўз вақтида ва тўлиқ қайтариш орқали тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, молиявий жавобгарликни қўллаш тартибини янада енгиллаштириш белгиланмоқда. Бу тадбиркорларни асоссиз ёки ортиқча молиявий жазолардан ҳимоя қилишга имкон беради.
Муҳокамаларда бир қатор саволлар ўртага ташланди ва масъуллар томонидан тегишли тушунтириш берилди.
М.Комилова, ЎзА