Мисрда минг йил адолат тарозисини тутган олим
Қўқон университетида "Aҳмад Aл-Фарғонийнинг дунё астрономия илмига қўшган ҳиссаси" мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтмоқда.
Унинг ишида олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари О.Маҳкамов, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти Б.Aбдуҳалимов, Қўқон университети Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори З.Қобилова, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академик ва илмий ходимлари, олий таълим муассасалари тарихчи олимлари, Миср Aраб Республикасидан ташриф буюрган хорижлик олимлар, соҳа мутасаддилари иштирок этмоқда. Улар томонидан “Аҳмад Aл-Фарғоний илмий меросида географик билимлар”, “Фарғоний ва нилометр – Нил диакритик элементлари сифатида”, “Фарғоний илмий меросининг дунё тамаддунига таъсири”, “Aҳмад Ал-Фарғоний илмий ва маданий меросининг жаҳон тарихида тутган ўрни” каби мавзуларда тақдимотлар қилинди.


– Аҳмад Ал-Фарғоний “Миқёсинил”ни ихтиро этиб, Мисрда солиқ соҳасида минг йил адолат тарозисини ушлаб турди, – дея таъкидлади мисрлик олимлар.

Халқаро илмий-амалий конференция қатнашчилари учун “Аҳмад ал-Фарғоний” спектакли намойиш этилди. Шунингдек, улар Қўқондаги музейларнинг Аҳмад ал-Фарғоний ҳаёти ва ижодига бағишланган кўргазмалари билан ҳам танишдилар.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА