Миср Халқаро ҳамкорлик вазирлигида учрашув
Бугун Қоҳира шаҳрида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиқов ва Миср халқаро ҳамкорлик вазири ўринбосари Шерихан Бихейт ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг самарали фаолияти савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳалардаги алоқалар ривожида муҳим ўрин тутиши қайд этилди.
Иқтисодий алоқани яхшилаш, савдо ҳажмини мамлакатларимиз салоҳиятига мос келадиган юқори сифат даражасига кўтариш мақсадида Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги 7-йиғилишини 2022 йилнинг иккинчи ярмида Тошкентда ўтказишдан томонлар манфаатдорлиги тасдиқланди.

Учрашувда ташқи савдо юкларининг логистика харажатларини камайтириш ва маршрутларни оптималлаштириш мақсадида икки мамлакат транспорт вазирликлари ўртасида ишчи гуруҳни ташкил этиш ҳамда ҳамкорлик битимини имзолаш имконияти ҳам кўриб чиқилди.
Қоҳирадаги элчихонамиздан хабар қилишларича, суҳбат чоғида мамлакатларимизда ўзаро ҳамкорликда фармацевтика, замонавий қурилиш материаллари, тўқимачилик ва туризм инфратузилмаси соҳаларини ривожлантиришга оид қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирилди.
ЎзА