Мирободда хавфсизликни таъминлаш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 5 январдаги “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси жойларда изчил таъминланишига Сенат эътибор қаратмоқда.
Мазкур ҳужжатда ҳар бир маҳаллада криминоген вазиятга таъсир этувчи омилларни барвақт аниқлаш, олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар юзасидан маҳаллий ҳокимликлар масъулиятини ошириш зарурлиги кўрсатилган.
Ижтимоий профилактика самарадорлигини кучайтириш, аёллар ва ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда бу жараёнлар устидан электрон назорат тизимини жорий этиш устувор вазифа этиб белгиланган.

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ҳамда халқ депутатлари Миробод тумани кенгашининг қўшма мажлисида қарор ижроси кўриб чиқилди. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги атрофлича муҳокама қилинди.
Маҳаллабай ишлаш тизими асосида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида туманда жорий йилнинг биринчи чорагида аёллар, ёшлар, ишсизлар томонидан содир этилган жиноятлар, шунингдек, мастлик ҳолатида ва гуруҳ бўлиб содир этилган жиноятлар сони камайган.
Қўшма мажлисда яширин иқтисодиётни қисқартириш, бозорларни рақамлаштириш ва қурилиш соҳасидаги коррупциявий омилларни бартараф этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Ушбу йўналишлар бўйича туман ҳокими, прокурори ҳамда ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси раҳбарларининг ахборотлари эшитилди.
Мажлисда иштирок этган Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қ.Бурхонов ижобий натижалар билан бир қаторда мавжуд камчиликларга ҳам тўхталиб, криминоген омилларни барвақт аниқлаш ва ижтимоий профилактика устидан электрон назоратни кенгайтириш бўйича масъулларга аниқ топшириқ ва тавсиялар берди.
Муҳокамалар якунида тегишли қарор қабул қилиниб, белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан аниқ чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
Н.Абдураимова, ЎзА