Миллий меросимиз ёшлар қалбида
ФОТОРЕПОРТАЖ
Пойтахтимиздаги Янги Ўзбекистон университетида “Наврўзни улуғлаш — инсонни улуғлашдир!” шиори остида байрам тадбири ташкил этилди.
Тадбир миллий қадриятларни тарғиб этиш, ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат ва анъаналарга ҳурмат туйғусини юксалтиришга қаратилди.
Унда профессор-ўқитувчилар, талабалар, мамлакатимизда фаолият юритаётган дипломатик ваколатхоналар вакиллари ҳамда ижодкорлар иштирок этди. Бу эса байрамнинг халқаро аҳамиятини яна бир бор намоён этди.
[gallery-28570]
Байрам дастурида миллий қўшиқ ва рақслар, саҳна кўринишлари ҳамда халқ оғзаки ижоди намуналари намойиш этилди. Шунингдек, миллий таомлар кўргазмаси ташкил қилиниб, сумалак, ҳалим ва кўк сомса каби баҳорий таомлар тақдим этилди.
Талабалар томонидан тайёрланган чиқишлар тадбирга алоҳида руҳ бағишлади. Шу билан бирга, кураш ва камондан ўқ отиш каби спорт мусобақалари ҳам ўтказилди.
Қайд этилганидек, бундай тадбирлар ёшларнинг ижодий салоҳиятини ривожлантириш, уларда миллий қадриятларга ҳурмат туйғусини шакллантириш ва жамиятда ижобий муҳитни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга.
Камола Юсупова,
Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА