Миллий байроғимиз ғурур ва ифтихоримиз
Андижонда «Миллий байроғимиз ғурур ва ифтихоримиз” деб номланган тадбир бўлиб ўтди.
Андижон шаҳри марказидаги баландлиги 64 метр бўлган давлат байроғи ҳилпираётган майдонда Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинганлигининг 32 йиллиги муносабати билан ташкил этилган тадбирда кенг жамоатчилик вакиллари, меҳнат фахрийлари, ҳарбийлар, ёшлар иштирок этди.
Давлат мадҳияси билан бошланган тадбирда Андижон вилояти ҳокими ўринбосари Комилжон Комилов сўз олиб, озод ва обод юртимиз, шу азиз Ватаннинг ҳар бир фуқароси учун мустақилликнинг муқаддас рамзларидан бири – Давлат байроғи нечоғли қадрли эканлигини таъкидлади.
[gallery-14651]
Шунингдек, тадбирда давлатимиз байроғи юртдошларимиз, айниқса, ёшларимизнинг азму шижоатини, ғурурини, юртга бўлган муҳаббат ва садоқатини мустаҳкамлашга хизмат қилиши айтиб ўтилди.
–Мусаффо осмонимиз узра ҳилпираб турган азиз байроғимиз ҳар бир юртдошимиз учун қадрлидир, – дейди Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Абдулҳамид Нурматов. – Айниқса, байроғимиз халқаро анжуманларда, спорт мусобақаларида ҳилпираса, қалбларимизда чексиз фахр-ифтихор туйғуси жўш уради.
Шундан сўнг оркестр садолари остида майдон узра байроғимизни баланд кўтарган ҳарбийлар параддан ўтди.
Давлат байроғи қабул қилинган сана муносабати билан вилоятдаги меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида бу каби тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари