Миграция шунчаки хорижга ишга кетиш эмас (+видео)
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги олдига хорижга ишга бораётган юртдошларимизни касбга тайёрлаш ва тил ўргатиш, четда меҳнат қилаётган фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш каби вазифалар юкланган.
Миграция ҳақида гап кетганда, кўз олдимизга хорижга ишлаш учун кетаётган юртдошларимиз, аэропортлардаги кузатувлар, оиласини вақтинча тарк этаётган ота-оналар ва ёш йигитлар, хориждан келаётган пул ўтказмалари келади. Аммо миграция фақат шундан иборат эмас. Унинг замирида меҳнат бозори, инсон капитали, оила фаровонлиги, демография ва мамлакат иқтисодиёти билан боғлиқ жараёнлар мужассам. Бугунги глобаллашув даврида дунёнинг барча мамлакатлари бу жараённинг объекти ёки субъекти ҳисобланади.
Миграция агентлиги Самарқанд ҳудудий филиали раҳбари Лазиз Ибрагимовнинг қайд этишича, хорижий давлатларда мавжуд иш ўринлари талабларига жавоб берадиган фуқаролар тегишли тартибда йирик хорижий корхоналар билан ҳамкорликда ўтказилаётган танловларга жалб қилинмоқда. Биргина шу йилнинг ўзида ўндан ортиқ хорижий давлатнинг 47 та иш берувчи вакиллари билан ҳамкорликда 74 маротаба танловлар ўтказилди ва бу тадбирларда 2,1 минг нафар номзод иштирок этди. Улардан орасидан 1,1 минг нафари танлаб олиниб, шу пайтгача 963 нафар фуқаро хорижда ишга жойлаштирилди.
Миграция ва касбий таълим агентликлари ўртасидаги ҳамкорлик асосида бугунги кунда техникумларда фуқароларни касбга ўргатиш ва хорижий тилларни ўқитиш курслари ташкил этилган. Жумладан, Самарқанд шаҳар 3-техникуми қошидаги қурилиш соҳасида мутахассислар тайёрлаш марказида тўрт йўналиш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари ҳамда танловлардан муваффақиятли ўтиб, хорижга ишга юборилаётган шахслар учун бирламчи тайёрлов курслари фаолият кўрсатмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/dGesEFqVEyQ" title="Migratsiya shunchaki xorijga ishga ketish emas" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири