“Менинг биринчи сайловим”
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Навоий вилояти кенгаши ташаббуси билан Навоий давлат педагогика институтида “Менинг биринчи сайловим” шиори остида давра суҳбати ташкил этилди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Навоий вилояти кенгаши ташаббуси билан Навоий давлат педагогика институтида “Менинг биринчи сайловим” шиори остида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда вилоят сайлов комиссияси ва партиянинг масъул ходимлари, профессор ўқитувчилар ҳамда талабалар иштирок этди.
Ноанъанавий музокара ва мунозаралар асосида ўтказилган тадбирда мамлакатимизда сиёсий ва ҳуқуқий тизим ислоҳ қилинаётгани ҳамда фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдиришни кафолатлайдиган миллий сайлов тизими яратилгани ҳамда жорий йил 18 февралда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексидаги асосий янгиликлар ҳақида сўз борди.
– Бу йил сайловда илк бор иштирок этаман, – дейди Навоий давлат педагогика институтининг 1-босқич талабаси Феруза Бекмуродова. – Бугунги давра суҳбати давомида сайлаш ва сайланиш тартиби, сайлов ҳуқуқлари ҳамда тизимдаги янгиликлар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдим. Сайловчилар овоз берадиган номзод келажакда халқимиз фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган шахс ҳисобланади. Шунинг учун биз ёшлар сайловга масъулият билан қатнашишимиз керак.
Шунингдек, тадбирда партиянинг вилоят кенгаши раиси М. Нуруллаев, Навоий давлат педагогика институтининг ёшлар масалалари бўйича проректори Х. Қурбонов ва бошқалар мавзу бўйича фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишди.