«Мен таниган Ўзбекистон» — Янги Ўзбекистон хорижлик олим нигоҳида
Туркиялик таниқли адиб, олим ва жамоат арбоби, доктор Камол Явуз Атаманнинг «Мен таниган Ўзбекистон» номли китоби нашр этилди.
Мазкур асарда Ўзбекистоннинг қадимий тарихи, бой маънавий мероси, туркий-ислом цивилизацияси тараққиётидаги беқиёс ўрни, буюк алломалари ва давлатчилик анъаналари ҳақида сўз юритилади. Айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, инсон қадрини улуғлашга қаратилган давлат сиёсати ҳамда мамлакатимиз тараққиёт йўли ҳақидаги муаллифнинг холис фикр-мулоҳазалари баён этилган.
Муаллиф ўзининг кўп йиллик кузатувлари, илмий изланишлари ва Ўзбекистонга ташрифлари асосида мамлакатимизнинг кечаги тарихи, бугунги тараққиёти ва истиқболдаги мақсадларини хорижлик зиёли нигоҳи орқали ёритади.
Китоб ўзбек ва турк тилларида тайёрланган.
Ушбу китоб Республика Маънавият ва маърифат маркази, «Маърифат» тарғиботчилари жамияти ҳамда Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институтининг таклифи асосида «Маърифат элчилари» лойиҳаси доирасида тайёрланди.
«Мен таниган Ўзбекистон» китоби мамлакатимиз ҳақидаги халқаро илмий-маърифий қарашларни бойитувчи, Ўзбекистоннинг тарихи, бугуни ва келажагини чуқурроқ англашга хизмат қилувчи муҳим манбалардан биридир.
ЎзА