“Мен ўзга бир Мажнуннинг Лайлисиман”
Мумтоз адабиётимиз тарихида ўзининг ижоди билан ёрқин из қолдирган шоиралар талайгина. Уларнинг қаторига Увайсий, Нодира, Анбар Отин, Дилшоди Барно, Қамбаринисо, Самар Бону сингари шоираларни киритиш мумкин.
Улар ўз даврининг етук ва билимдон аёллари саналиб, бетакрор, кўнгилга яқин, шунингдек, бадиий жиҳатдан мазмунли ва таъсирли ижод намуналари билан адабиёт ихлосмандларининг қалбидан мустаҳкам жой эгаллаган. Айниқса, Марҳамат (Мингтепа)да яшаб, қалам тебратган шоира Самар Бону ўзига хос ижоди, машаққатли ҳаёт йўли, ёрига бўлган садоқати, билими, юксак маънавияти, қатъияти билан асрлар оша авлодларга намуна бўлиб келаётган ижодкорлардан бири саналади.
Ўзбек адабиётининг илғор вакилаларидан бири Самар Бону 1837 йилда Ўш шаҳрида таваллуд топади. У ўқиш, ёзишни оиласида ўрганади. Унга ўз даврининг етук билимли отинойилари таҳсил беради. Отаси Мавлавий Сирожийдан дин, фалсафа ва шеърият назариясидан сабоқ олади. Машҳур шоир Ҳувайдонинг чевараси бўлган Самар Бонунинг шеъриятга, ижодга ихлоси, қизиқиши баланд бўлган.
Самар Бонуни кўплар Ўш шаҳрида яшаб, ижод қилган шоира сифатида билади. Бироқ у Ўшда туғилиб, вояга етган бўлса-да, ўн саккиз ёшидан умрини охиригача Мингтепадаги Ўқчи қишлоғида яшаб, ижод қилади.
Самар Бону отасининг шогирди мингтепалик боғбоннинг ўғли Шарифжонга кўнгил қўяди. Аммо эшон авлодидан, юқори табақа вакили бўлган шоиранинг отаси Сирожий уларнинг никоҳига розилик бермайди. Лекин қизи севгиси учун курашади, ҳаётини ўзи севган инсон билан боғлашни ихтиёр этади.
Самарбону ҳаётнинг оғир синовларидан, ўзи яшаган давр адолатсизликларидан фарёд чекса-да, ҳаётда ўзини йўқотмайди. Ана шу адолатсизликларга қарши тура олади, жасорат кўрсатади. Айниқса, оила қуриш бобида қиз боланинг эрки, инон-ихтиёри ўзида бўлмаган бир даврда отасига: "Мен ўзга бир Мажнуннинг Лайлисиман" деб айта олганлиги ўша давр аёли учун чинакам жасорат эди.
Кейинчалик шоира беаёв, бевафо қисматга ҳам бор кучи, овози билан оқилалик ила жавоб қайтаради.

Шоира 18 ёшида мингтепалик Шарифжонга турмушга чиқади, Ўқчи қишлоғига келади. Орадан бир йил ўтмасдан Шарифжон фожиали вафот этади. Бону 19 ёшида қўлида чақалоғи Заҳириддин билан ёлғиз қолади. Шоира умрининг охирига қадар турмуш ўртоғига, муҳаббатига содиқ қолиб, қайта турмуш қурмайди, отаси хонадонига қайтиб кетмайди, қийинчиликлар билан ҳаёт кечирса-да, садоқатнинг тимсоли бўлиб ёлғиз яшайди.
Шоира Самар Бону ҳаётининг асосий қисмини Марҳаматда, Ўқчи қишлоғида ўтказади. Ҳозирда ушбу қишлоқда унинг авлодлари яшаб келади.
Бу ҳақда “Мингтепа-маданий мерос” жамоат фонди раҳбари, Самар Бону ижодининг фидойи тарғиботчиси Ортиқали Хусановнинг “Самар Бону” номли китобида кенг маълумотлар келтирилган.
Шоира Самар Бону ҳақида адабиётшунос олим Тўхтасин Жалоловнинг “Ўзбек шоиралари” (1959), “Бону” (1963) ва “Гўзаллик оламида” (1979) номли китобларида батафсил маълумотлар берилган.
Авлодларининг таъкидлашича, Самар Бону турмуш ўртоғининг вафотидан сўнг бир неча йил қийинчиликда, ғарибликда ҳаёт кечиради. Шундай бўлса-да, суйган инсони Шарифжоннинг уйидан, у дафн этилган қишлоқдан кетмайди. Хусусан, шоира ғазалларидан бирида: “Шарифим сарри пойидин ўзум жўкурмадим ҳаргиз…” дейди. Яъни Шарифи (умр йўлдоши) ўлдирилганда ҳам унинг пойидан (дафн қилинган қишлоқдан) ҳеч қаерга кетмаганлигини баён этади.
Соҳиби девон шоира Самар Бону ижоди XIX аср ўзбек адабиётининг ёрқин намуналаридан бири ҳисобланади. Унинг ижодида шахсий ҳаётидаги қийинчиликлар, ўзининг аччиқ қисмати, ғарибликда ўтказган ҳаёти тасвири кенг ўрин олган.
Мен ғариб, Бону ғариб, отим ғариб, зотим ғариб,
Бу ғарибликда юрубман каҳрабодек сарғариб.
Сарғайиб бир соддадил бечораман, ҳолим хароб,
Пур жафо-у, пур алам, ғамгин эрурман музтариб.
....
Ёрибон бўлмас туфайли, дард бўлғондур дилим,
Кошки оқса ғарибликда юрак-бағрим эриб.
Эриб оқти Бонуё, икки кўзунгдин дарёлар,
Йўқ бўлурсан бора-бора рангу рўй ҳам тан сизиб.
Шу билан бирга, шоира ижодида илм-маърифатга интилиш, ишқ-муҳаббат, юксак инсоний туйғулар ҳам кенг тараннум этилади.
Ҳам шеърият, ҳам дин илмини мукаммал эгаллаган шоира Қул Хожа Аҳмад, Шамс Табризий, Хожа Ҳофиз, Алишер Навоий, Машраб, Сўфи Оллоёр, Ҳувайдо сингари улуғ ижодкорларнинг ижодий анъаналарини чуқур ўрганиб, муносиб давом эттиради.
Шоира ижод билан бирга отинойилик қилади. Отаси вафотидан кейин укаси Салоҳиддин Соҳиб билан алоқаларини тиклайди. Унинг кўмагида ҳовлисига янги иморатлар қуради, қизлар мактабини ташкил этади.
Самар Бону ўзи ташкил этган мактабда қизларга қуръондан, ҳадисдан, дин илмидан, шеъриятдан сабоқ берган. Қолаверса, мактабда ўз даврининг илмли аёллари иштирокида мушоиралар, илмий, диний суҳбатлар доимий равишда ўтказиб турилган.
Самар Бону тарихда нафақат шоира, балки ўзига хос ўқитиш услубини яратган, қизлар ўқийдиган мактабни ташкил этган мураббий сифатида ҳам из қолдирган.
Қизлар мактабида дарслар араб тилидан ташқари, туркий ва форс-тожик тилларида олиб борилган. Ўқувчи қизларга “Хафтияк”, “Чохор” китоблари ўқитилган. Бундан ташқари, Алишер Навоий, Фузулий, Ҳофиз, Мирза Бедил, Ҳувайдонинг ижоди, асарлари ўргатилган.
Самар Бону шогирдлари – ўқувчи қизлар билан ҳамиша самимий муносабатда бўлган. Уларга атаб алоҳида ғазал ҳам ёзган:
Менга шогирд бўлубсизлар, неча қиммат баҳо қизлар,
Бари бир-биридан ортуқ, фаросатли, расо қизлар.
Саодат ахтари бирлан туғулди яхши соатда,
Тамоми инсу жинсдин ҳам паридин пурҳаё қизлар.
Самар Бону ёлғиз ўғли Заҳириддинни ўқитиб, олим қилиб вояга етказади. У 1891 йилда Мингтепанинг Ўқчи қишлоғидаги ўз хонадонида вафот этади. Васиятга асосан у Ўшдаги авлодлари мангу қўним топган Сармазор қабристонига дафн этилади.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА