Меҳмет Шаҳин: Турк дунёси келажаги қалблар бирлиги, умумий қадрият ва инсон салоҳиятига боғлиқ
Туркий халқлар ўртасидаги тарихий, маданий ва маънавий яқинлик бугун аллақачон шаклланган умумий маконни ифода этади. Олдимизда турган асосий вазифа мавжуд яқинликни янада чуқурлаштириш, иқтисодий, илмий, технологик ва ижтимоий ҳамкорлик орқали янги босқичга олиб чиқишдир. Турк давлатлари билан алоқалар ташкилотининг Истанбул шаҳри раҳбари Меҳмет Шаҳин Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзАга махсус интервью берди. Суҳбатда Турк дунёсининг бугунги имконияти, Ўзбекистон – Туркия муносабати, Истанбулда яшаётган ватандошларимиз ҳаёти, ёшлар ва аёллар учун яратилаётган қулайликлар, таълим, технология, умумий алифбо ҳамда Турк дунёсининг узоқ муддатли истиқболи ҳақида фикр алмашдик.
– Меҳметбей, бугунги Турк дунёси тараққиётини қисқача қандай таърифлаш мумкин?
– Бугун Турк дунёси шаклланиб улгурган, умумий тарих, маданий хотира, тил ҳамда маънавий қадриятга таянган улкан макон. Бизни бирлаштириб турган асосий жиҳат генетик яқинликдир. Асрлар давомида чархланган бу жараён ҳозирги муносабат учун мустаҳкам пойдевор ҳисобланади. Иқтисодиёт, таълим, технология, транспорт, маданият ва инсонлар ўртасидаги алоқалар қанчалик кучли бўлса, умумий салоҳиятимиз ҳам шунчалик ортади.
– Демак, асосий вазифамиз мавжуд бирликни амалий имкониятга айлантириш, шундайми?
– Ҳа. Қардошлигимиз замонавий ҳаётнинг барча жабҳаларида ифодасини топиши керак. Масалан, бир мамлакатда яратилган технология бошқа мамлакатда ишлаб чиқаришга жорий этилса, университетлар ўртасида қўшма дастурлар ташкил қилинса, тадбиркорлар бир-бирининг бозорига осонроқ кирса, ёшлар биргаликда илмий ва технологик лойиҳалар яратса, шундагина умумийликнинг амалий қиймати намоён бўлади. Хуллас, тарихий яқинликни келажакка хизмат қиладиган иқтисодий, илмий ва инсон капиталига айлантиришимиз лозим.
– “Turkic World Vision 2040” ҳужжатида 60 асосий йўналиш белгиланган. Ушбу танловнинг аҳамияти нимада?
– Ҳужжатнинг муҳим жиҳати – Турк дунёси келажагига таъсир қиладиган турли соҳаларни бир-бири билан боғлиқ ҳолда кўриш истаги. Зеро, энергетика, таълим, соғлиқни сақлаш, мудофаа саноати, технология ва иқтисодиётни алоҳида-алоҳида ривожлантириб бўлмайди. Масалан, энергетика соҳасида янги ишланмаларни жорий этиш учун малакали мутахассислар, кадр тайёрлаш учун эса кучли таълим тизими зарур. Табиийки, ишлаб чиқариш илмий тадқиқот ва сармоя ҳам талаб этади. Шунинг учун Турк дунёсидаги ҳамкорликни алоҳида соҳалар йиғиндиси эмас, балки бир-бирини тўлдирувчи яхлит тизим сифатида кўриш шарт.
– Сиёсий яқинлик орқали иқтисодий ва технологик ҳамкорликни тезлаштириш учун нималарга эътибор қаратиш керак?
– Бунинг учун нафақат давлатларимиз, балки хусусий сектор ҳам фаол иштирок этиши зарур. Турк дунёсида улкан бозор, мўл табиий ресурс, мислсиз ишлаб чиқариш имконияти ва ёш аҳоли мавжуд. Бинобарин, имкониятнинг ўзи етарли эмас. Шу салоҳиятни ўзаро боғлайдиган ва юзага чиқарадиган самарали механизм керак. Сармоявий жамғармалар, қўшма корхоналар яратиш, технология ҳамкорлиги, стартап ва университетлар бизнес шериклигига кўпроқ эътибор бериш лозим. Айниқса, тадбиркорларимиз бир-бирини яқиндан таниши, бозор ҳақида маълумот алмашиши ва биргаликда янги лойиҳалар ишлаб чиқиши муҳим.
– Ўзбекистон – Туркия муносабати жорий ҳолатини қандай баҳолайсиз?
– Ўзбекистон – бизнинг кўнгил географиямиз. Бу замин умумий тарих ва цивилизацияда беқиёс аҳамиятга эга. Самарқанд, Бухоро, Хива каби шаҳарлар нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақанинг илм-фан, маданият, савдо ва тафаккур тарихида алоҳида ўрин эгаллайди. Шу боис юртингизга муносабатни фақат бугунги сиёсий ёки иқтисодий алоқалар билан чеклаб бўлмайди. Айни жараён чуқур тарихий, маънавий асосга эга. Бугун Ўзбекистонда Туркия сармояси бисёр. Кун сайин ўзаро иқтисодий, сиёсий ва маданий ҳамкорлик ривожланмоқда. Энди алоқаларни янги технология, илмий тадқиқот, қўшма ишлаб чиқариш ва инсон капитали соҳаларига янада чуқур олиб кириш мумкин.
– Ўзбекистоннинг демографик салоҳияти ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Бу омилнинг умумий тараққиётимизга таъсири қай даражада?
– Албатта, бу жуда муҳим. Ўзбекистон туркий давлатлари орасида аҳоли сони бўйича Туркиядан кейин иккинчи ўринда туради. Табиийки, гап фақат сонда ҳам эмас. Бу рақам ортида беқиёс инсон капитали, ички бозор ва ёш авлод салоҳияти бор. Ҳозир рақобатбардошлик айнан инсон капитали билан белгиланмоқда. Ёш аҳоли юртингизнинг энг йирик имкониятларидан бири. Агар ёшлар сифатли таълим олса, замонавий технологияни ўзлаштирса, тадбиркорлик ва илмий фаолият билан шуғулланса, мавжуд салоҳият бутун Турк дунёси тараққиётига хизмат қилиши шубҳасиз. Туркиянинг саноат, ишлаб чиқариш, технология ва тадбиркорлик тажрибаси билан Ўзбекистоннинг ёш инсон капитали, бозори ва минтақавий имконияти уйғунлаштирилса, икки давлат ўртасида янги қиймат бозори яратилади. Ахир бу диёр Марказий Осиёнинг энг муҳим географик нуқтасида жойлашган. Туркия эса Европа ва Осиёни боғловчи муҳим марказ. Демак, мамлакатларимиз ўртасида транспорт, логистика ва савдо алоқаси ривожланиши умумий манфаатга хизмат қилади.

– Истанбулда яшаётган ўзбеклар билан боғлиқ фаолиятингизга ҳам тўхталсангиз.
– Биз қарийб бир йил давомида кўплаб қардошлар билан учрашдик, уларни тингладик ва Истанбулга интеграциялашиш учун нима қилиш кераклигини муҳокама қилдик. Энг муҳим хулоса шу бўлдики, инсоннинг жамиятга тўлақонли қўшилиши фақат ишлаш ёки яшаш ҳуқуқи билан чекланмайди. Инсон таълим олиши, касбий ривожланиши, ижтимоий ҳаётда иштирок этиши ва ўзи яшаётган муҳит билан яқин муносабат ўрнатиши керак. Шунинг учун ишимизни бир неча асосий йўналишга ажратдик.
Биринчи йўналиш – болалар таълими. Иккинчи йўналиш – ёшлар. Истанбулдаги ўзбек ёшлари олий таълим олиши, касбий ривожланиши ва ижтимоий ҳаётга мослашиши биз учун жуда муҳим. Яқинда ўзбек талабаларининг университетдаги битирув маросимида иштирок этдим. Улар жуда билимли, иқтидорли, улкан салоҳиятга эга ёшлар. Кўпчилиги тўрт-беш тилни билади. Бундай салоҳият нафақат шахсий ривожланиш, балки Ўзбекистон ва Туркия учун ҳам қимматли.
– Туркияда жуда кўп ўзбек аёллари меҳнат қилади. Бугун уларнинг жамиятдаги ўрни қандай?
– Истанбулда меҳнат қилаётган, оиласи ва жамият ривожига ҳисса қўшаётган ҳар қандай аёл шаҳарнинг ижтимоий-маданий имкониятидан фойдаланиши шарт. Аввало, ўзи яшаётган маҳалладаги қўшнилари билан яқинлашиши зарур. Шу боис хотин-қизларнинг қўшничилик муносабатидаги фаоллигини таъминлашга қаратилган лойиҳалар ишлаб чиққанмиз.
Истанбул Турк дунёсининг муҳим марказларидан бири саналади. Биз ўзбек аёлларини ҳам маданий тадбирлар ва ижтимоий ҳаётда мунтазам иштирок этаётган инсонлар сифатида кўриш истагидамиз. Улар шаҳарнинг табиати, тарихи ва маданий мероси билан яқиндан танишиши керак. Айни йўналишларда фуқаролик жамияти ташкилотлари билан бирга янги маданий ва ижтимоий лойиҳалар амалга оширяпмиз. Истанбулда яшаётган ўзбеклар ўз маданияти, қадриятларини сақлаши баробарида Туркия жамиятининг ҳам фаол ва масъулиятли аъзоси бўлишлари зарур. Бундай ёндашув икки халқ ўртасидаги муносабатни янада мустаҳкамлайди.
– Турк дунёсининг узоқ муддатли истиқболи хусусида нима дея оласиз?
– Бугун қабул қилинаётган қарорлар 2050 йилдаги Турк дунёси қиёфасини белгилайди. Таълим, технология, иқтисодий ҳамкорлик ва инсон капиталига ҳозир сармоя киритсак, мактаб ва университетда таҳсил олаётган авлод 2050 йил мамлакатларимиз учун асосий қарорларни қабул қилади. Уларга сифатли таълим, замонавий технология, тадбиркорлик ва халқаро ҳамкорлик имкониятини берсак, келажакда улкан натижаларга эришамиз.
– Турк дунёси келажагини ягона тушунча билан ифодалаш лозим бўлса, қайси сўзни танлардингиз?
– Бирлик. Фақат бу бирлик сўз ёки шиор бўлиб қолмай, таълим, иқтисодиёт, технология, маданият ва энг муҳими, инсонлар ўртасидаги муносабатда намоён бўлиши зарур. Биз бир-биримизга яқин халқлармиз. Тарихимиз, қадриятимиз умумий. Энди шу яқинликни келажак авлод учун имкониятга айлантириш муҳим. Турк дунёси келажаги фақат давлатлар ўртасидаги келишувлар эмас, халқлар қалбидаги ишонч, ёшлар салоҳияти ва бирга амалга оширадиган ишларимиз билан барпо этилади.
Нодира Қаюмова суҳбатлашди.
ЎзА
Истанбул, Туркия