Мебель саноати: ички ва халқаро бозор учун янги имкониятлар
Бугун “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида “Ишлаб чиқариш технологиялари. Ёғочсозлик. Мебель ва бутловчи қисмлар - WoodTech & MebelExpo Uzbekistan 2026” 22-халқаро кўргазмаси очилди.
“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу кўргазмада 13 мамлакатдан 127 та компания ёғочсозлик, мебель саноати, бутловчи қисмлар ва интерьер дизайни учун технологик ечимларни тақдим этмоқда.
Ташкилотчиларнинг қайд этишича, мазкур тадбир саноат мутахассислари ўртасида самарали мулоқотни ривожлантириш, маҳаллий мебель ишлаб чиқарувчи корхоналарни жаҳоннинг етакчи компаниялари билан ҳамкорликда модернизация қилиш, шунингдек, талаб юқори бўлган хомашё ва материаллар билан таъминлаш имкониятини яратмоқда. Бу эса, ўз навбатида, мебель маҳсулотлари сифатини ошириш, уларнинг экологик тозалигини таъминлаш ҳамда турларини кенгайтиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, мазкур жараёнлар маҳсулотларнинг ички ва халқаро бозорлардаги рақобатбардошлигини янада кучайтиришга замин яратади.
“Eman” МЧЖ вакили Улуғбек Толиповнинг сўзларига кўра, бу намойиш иштирокчиларни мулоқот ва ҳамкорликка ундамоқда.
[gallery-29042]
– “Eman” МЧЖ мебелсозлик соҳасида фаолият юритади. Биз асосан замонавий уй ва офис мебелларини ишлаб чиқарамиз. Ишлаб чиқариш жараёнида сифат, қулайлик ва замонавий дизайн уйғунлигига алоҳида эътибор қаратамиз. Шу билан бирга, мижозлар талабидан келиб чиқиб, индивидуал буюртмалар асосида мебель тайёрлаш ва интерьер ечимларини таклиф этиш билан ҳам шуғулланамиз. Бугунги кунда харидорлар талаблари анча юқори. Улар нафақат сифат, балки замонавий дизайн ва қулайликка ҳам эътибор беришмоқда. Шу сабабли, биз ҳам инновацион ечимлар ва янги материаллардан фойдаланишга алоҳида аҳамият қаратамиз. Яқин истиқболда ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш ва экспорт салоҳиятимизни оширишни режалаштирганмиз. Ушбу кўргазмада иштирок этишдан асосий мақсад маҳсулотларни кенг аудиторияга таништириш, бозордаги янги тенденциялар билан яқиндан танишиш ҳамда янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишдан иборат, – деди У.Толипов.
Кўргазма доирасида энг замонавий ёғочга ишлов бериш дастгоҳлари, ускуна ва асбоблар, мебель ишлаб чиқариш учун материаллар, хомашё ва бутловчи қисмлар, шунингдек, уй ва офис интерьерлари учун тайёр мебель намуналари намойиш этилмоқда. Шу билан бирга, бу йилги тадбирда мебель кимёвий моддалари сектори ҳам алоҳида йўналиш сифатида кенг ёритилиб, унда елимлар, лаклар ва бўёқлар замонавий форматда тақдим этилаётгани билан аҳамиятли.
Насиба Зиёдуллаева, Сарвар Ўрмонов (сурат), ЎзА