Меҳнат стажига эга эмасмисиз? Бунинг ечими осон...
Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунига кўра фуқаролар камида 7 йил иш стажи мавжуд бўлган тақдирдагина ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар.
Аҳолимизнинг аксарият қисмини ўзини ўзи банд қилиш ҳисобига ўзини меҳнат даромади билан таъминлайдиган шахслар, масалан, репетиторлар, фрилансерлар, ҳунарманд-усталар, чорва ёки паррандачилик ва бошқа турли фаолият билан шуғулланувчи шахслар ва меҳнат мигрантлари ташкил қилади. Албатта, ушбу тоифа шахслар ҳам қариганда пенсия олишни исташади.
Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунига кўра фуқаролар камида 7 йил иш стажи мавжуд бўлган тақдирдагина ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар.
Хўш, иш стажига эга бўлмаган фуқаролар қандай қилиб пенсия олишлари мумкин? Биз қуйида қандай қилиб меҳнат стажига эга бўлишнинг энг қулай ва фойдали йўлларини тақдим қиламиз.
Ўзини ўзи банд қилиш ҳисобига ўзини меҳнат даромади билан таъминлайдиган шахсларнинг меҳнат фаолиятини тартибга солиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2019 йил 9 июлда “Ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун вақтинчалик меҳнат гувоҳномасини жорий этиш тўғрисида”ги 566-сон қарори қабул қилинди.
Қарор билан ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномаси бериш тартиби тўғрисидаги низом, вақтинчалик меҳнат гувоҳномасини бериш схемаси, вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари бериладиган фаолият (хизматлар, ишлар) турлари рўйхати тасдиқланди.
2019 йил 1 сентябрдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари, уларнинг эгаларига меҳнат стажини ҳисобга олиш ва рағбатлантирувчи имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи берилишини назарда тутадиган тартиб жорий қилинди.
Вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари берилган санадан бошлаб ва улар амал қилишининг бутун даври пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун фуқароларнинг меҳнат стажига ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2016 йил 22 февралда 46-сон қарори билан чет элда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган шахсларнинг айрим тоифалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўлов тўлаш тартибини, шунингдек уларнинг пенсияни ҳисоблаш учун олинадиган иш стажини ва иш ҳақи миқдорини ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Унга кўра чет элда ишловчи шахс Пенсия жамғармасига йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт ярим баробари миқдорда суғурта бадали тўлаган тақдирда, суғурта бадали тўланган йил меҳнат стажига киритилади.
Масалан, Россияда ишлаб келган мигрант Пенсия жамғармасига тахминан 1 млн сўм маблағ тўласа, 1 йиллик меҳнат стажига эга бўлади.
Қишлоқ жойларида айрим аҳоли тут ипак қурти парваришлаш билан ҳам шуғулланади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги 252-сонли қарори билан тасдиқланган Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 5-иловасига кўра, пахта тозалаш саноати корхоналаридаги ва ипакчилик тармоғи корхоналари ва фермер хўжаликларидаги мавсумий ишларда банд бўлиш тўлиқ бир йил меҳнат стажига ўтади. Яъни сиз тут ипак қуртини бир мавсум парваришласангиз, тўлиқ бир йил меҳнат стажига эга бўласиз.
Мамлакатимизда экин ерларидан самарали фойдаланиш, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқда фуқароларнинг бандлиги ва фаровонлигини ошириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 апрелда “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3680-сон қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, деҳқон хўжалиги ва 4 сотихдан кам бўлмаган томорқа ерида банд бўлган ёки ушбу участкада қорамол ёхуд 50 бошдан кам бўлмаган парранда парваришлаётган жисмоний шахслар томонидан Пенсия жамғармасига йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари миқдорида суғурта бадали тўланган тақдирда, суғурта бадали тўланган йил меҳнат стажига киритилади, 1 йилга бор йўғи 223 минг тўлайсиз ва 1 йиллик меҳнат стажига эга бўласиз.
Эркаклар — 60 ёшга тўлганда, аёллар — 55 ёшга тўлганда ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар.
Энди тасаввур қилинг! Сиз бор-йўғи 7 йил мобайнида ҳар бир йил учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари миқдорида суғурта бадалини тўлаб борсангиз, ёшга доир пенсияга чиқиш учун зарур бўлган камида 7 йил иш стажи чўнтагимда деяверинг!
Ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномаси берилганлиги учун ундириладиган
ТЎЛОВ МИҚДОРЛАРИ

Каримжонов Муҳаммадамин ТДЮУ ўқитувчиси