МДҲ майдонида Ўзбекистон – Туркманистон ҳамкорлиги
Ўзбекистоннинг МДҲ майдонидаги муҳим шериклари қаторида Туркманистон алоҳида ўрин тутади. Бу икки давлат муносабатининг ўзига хослиги фақат анъанавий қўшничилик ёки сиёсий мулоқот билан чекланмаслигида кўринади.
Зеро, Тошкент – Ашхобод алоқалари савдо, чегара олди инфратузилмаси, эркин савдо тартиби, автомобиль ва темир йўл транзити, денгиз логистикаси, энергетика, сув хўжалиги, шунингдек ҳудудлараро ва маданий-гуманитар соҳаларни қамраб олган кўп қатламли шерикликка айланмоқда. 2025 йил давомида олий даражали учрашувлар кун тартиби савдо-иқтисодиёт, транспорт, сув-энергетика масалалари устуворлигини яққол кўрсатди.
Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати маълумотига кўра, жорий йилги музокараларда энг муҳим йўналишлар белгилаб олиниб, қўшма баёнот қабул қилинди, кенг қамровли ҳужжатлар тўплами имзоланди.
Савдо муносабатлари
Иқтисодий алоқалар кўрсаткичи ўзаро савдо ҳажми барқарор ўсаётганидан дарака беради. Ўтган йил март ойидаги олий даражали мулоқотда Ўзбекистон томони 2024 йил савдо айланмаси 1,1 миллиард доллардан ошганини қайд этди. Ноябрь ойидаги давлат ташрифи якуни бўйича эса ўзаро савдо сўнгги йилларда икки баробар ошгани ва ушбу қийматни 2 миллиард долларга етказиш мақсади белгилангани маълум қилинди. Демак миллиардлик чегарадан ўтган савдо-сотиқ даражасининг ўсиш суръати сақланиб қолган ва ушбу миқдорни янада ошириш бўйича сиёсий қарор қабул қилинган.
Умуман, Ўзбекистон – Туркманистон муносабатида 2025 йилнинг энг муҳим иқтисодий қарорларидан бири эркин савдо тартиби жорий этилганидир. 25 февралдан кучга кирган ушбу режим доирасида ҳар икки мамлакатда ишлаб чиқарилган кенг турдаги товарлар бўйича чегара божи бекор қилинган, савдо чеклови олиб ташланган ва ўзаро савдо тартиб-таомили соддалаштирилган.
Таҳлилчилар фикрича, бу биринчидан товар айирбошлашни арзонлаштиради ва тезлаштиради. Иккинчидан, чегара олди ҳудудларидаги кичик ва ўрта бизнес учун янги имкониятлар очади. Учинчидан, логистика ва саноат кооперацияси билан қўшилганда оддий савдони қайта ишлаш ва қўшма ишлаб чиқариш занжирига айлантириши мумкин. Яъни, эркин савдо тартиби бу ерда охирги нуқта эмас, балки кейинги иқтисодий босқич учун ҳуқуқий база ҳисобланади.
“Шовот – Дашоғуз” чегара олди савдо ҳудуди
2025 йил 17 ноябрда Ўзбекистон ва Туркманистон раҳбарлари “Шовот – Дашоғуз” қўшма чегара олди савдо зонасини ишга туширдилар. Ушбу мажмуа “ягона дарча” тамойили асосида давлат хизмати, интер фаол тизим, банк, тиббиёт ва меҳмонхона хизмати, шунингдек кенг авто тураргоҳ инфратузилмасидан иборат. Ҳудуд фаолияти жами аҳоли сони 3,5 миллиондан ошганХоразм ва Дашоғуз вилоятлари ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқани кенгайтиришга хизмат қилиши тайин.
Масаланинг моҳияти шундаки, чегара маъмурий тўсиқ нуқтасидан иқтисодий ўсиш масканига айлантирилди. Бу тажрибани бошқа ҳудудлар, биринчи навбатда “Олот – Фароб” йўналишига ҳам татбиқ этишга келишилган. Демак, “Шовот – Дашоғуз” лойиҳаси бир марталик рамзий объект эмас, балки янги чегара иқтисодиёти модели синов майдонидир. Агар бу режа самара берса, кейинги босқичда чегара олди саноат, логистика ва хизматлар бозори ҳам тез ривожланиши тахмин қилинмоқда.
Транспорт ва транзит
Ўзбекистон – Туркманистон транспорт алоқалари ҳам стратегик аҳамиятга эга. Декабрь ойида Ашхободда бўлиб ўтган олий даражали учрашувда юк ташиш ҳажми, жумладан, Туркманбоши порти орқали 30 фоиз ортгани қайд этилди. Ноябрь ойидаги музокарада эса ҳукуматларга автомобиль, темир йўл ва денгиз транспортини ривожлантириш, Туркманбоши халқаро денгиз портидан биргаликда фойдаланиш бўйича таклифлар тайёрлаш топширилган.
Шу билан бирга ҳар икки давлат ҳудудида автомобиль транспорти учун йиғим ва тўлов бўйича белгиланиб, 2025 йил кучга кирган тенг шарт қоидаси ташувчилар учун шаффоф ва мувозанатли шароит яратиб, транзит харажатини қисқартирди, автомобиль ташуви самарадорлигини оширди.
Бинобарин, Ўзбекистон – Туркманистон муносабатлари энди ресурслар бўйича суст мувозанат эмас, балки амaлий мувофиқлашув босқичига ўтмоқда. Тўғри, ҳозирча сув энергетикаси ёки газ-электр тармоғи билан боғлиқ улкан лойиҳалар мазмун-моҳияти тўлиқ шарҳланмаган. Энг муҳими, расмий кун тартибида доимий равишда марказий ўрин эгаллайдиган бу йўналишларни икки қўшни қардош мамлакат хавф ёки рақобат эмас, балки шерикликни мустаҳкамлаш омили сифатида кўради.
Хулоса шуки, Ўзбекистон – Туркманистон алоқаларида асосий масала энди эркин савдо тартиби, чегара олди инфратузилма ва транзит қарорларини тезроқ саноат кооперацияси, логистика занжири ва ҳудудий иқтисодий ўсиш воситасига айлантиришда. Ҳозирги расмий маълумотлар кўрсатмоқдаки, Тошкент ва Ашхобод айни босқичга ўтган. Агар қабул қилинган механизм изчил ишласа, Туркманистон Ўзбекистон учун нафақат қўшни, балки Каспий орқали ташқи бозорга чиқиш йўлидаги энг муҳим стратегик шериклардан бирига айланади.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА