МДҲ майдонида Ўзбекистон – Озарбайжон ҳамкорлиги
Ўзбекистоннинг МДҲ маконидаги ташқи сиёсатида иқтисодий прагматизм ва транспорт-логистика манфаати тобора устувор аҳамият касб этмоқда. Хусусан, Марказий Осиёдан ташқаридаги муҳим шерикларимиз қаторида Озарбайжон Республикаси алоҳида ўрин тутади. Бу жараён аввало Каспий орқали Европага чиқиш, энергетика соҳасидаги кооперация, ҳамда транзит ва саноат ҳамкорлиги билан боғлиқ. Сўнгги йилларда Тошкент – Боку муносабати дўстлик ва шериклик форматидан амалий иқтисодий интеграция босқичига ўтаётгани кузатилмоқда.
Икки давлат раҳбарлари ўзаро мулоқотда ҳамкорликни кенгайтириш, транспорт йўлаклари ва саноат кооперациясини кучайтириш масаласини мунтазам муҳокама қилмоқда. Ушбу жараён Ўзбекистон – Озарбайжон муносабатларини геосиёсий жиҳатдан ҳам муҳим форматга олиб чиқмоқда. Бошқача айтганда икки давлат Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасидаги кўприк ролини бажара бошлади.
Ўзбекистон Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2024 йил ўзаро савдо айланмаси 200 миллион долларга яқинлашган. Озарбайжон Давлат статистика қўмитаси маълумотида 2025 йил ҳам икки томонлама савдода ўсиш тенденцияси сақланиб қолгани, товар айирбошлаш кўрсаткичи изчил ошгани қайд қилинган. Бинобарин, таҳлил кўрсатадики, олди-сотди кўпайишига қарамай, савдо таркиби ҳали етарли даражада мукаммаллашмаган. Асосий улушни нефть ва кимё саноати маҳсулотлари, озиқ-овқат, енгил саноат моллари ташкил этмоқда.
Шу нуқтаи назардан икки давлат учун асосий вазифа савдо айланмасини механик равишда ошириш эмас, балки сифатни ўзгартириш. Яъни:
- қўшилган қиймати юқори маҳсулот улушини ошириш;
- умумий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш;
- ташқи бозорларга бирга чиқиш.
Мутахассислар фикрича, шу босқич амалга ошса, ўзаро савдо муносабати янги даражага кўтарилади.
Каспий орқали янги иқтисодий география шакллантираётган Ўзбекистон – Озарбайжон муносабатида транспорт ва логистика соҳаси ҳам стратегик йўналиш ҳисобланади. Бу ерда гап нафақат икки давлат ўртасида юк ташиш, балки бутун Евросиёдаги янги транзит йўлакларини кенгайтириш ҳақида кетяпти.
Озарбайжон Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, Боку порти орқали ўтадиган юк ҳажми сезиларли даражада ошган ва Каспий орқали ташиш Транскаспий халқаро транспорт йўлаги доирасида ривожланмоқда. Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга мазкур йўлак мамлакатга Россияга боғлиқ бўлмаган экспорт йўналиши орқали Европа бозорига чиқиш ҳамда транзит диверсификацияси имконини оширади.
Икки қардош халқ ҳамкорлигида энергетика соҳаси ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Нефть ва газ ресури бой давлат сифатида республикамиз учун муҳим энергетик шерик ҳисобланадиган Озарбайжон нефть-газ инфратузилмаси орқали Европа бозорига энергия ресурслари етказиб бермоқда. Ушбу давлат Энергетика вазирлиги таҳлилига кўра, бу Ўзбекистон учун энергетика бозорини диверсификация қилиш, технология ҳамкорлиги ва қайта тикланувчи энергия соҳасида тажриба алмашиш имконияти билан аҳамиятли.
Икки давлат ўртасида “яшил энергия” соҳасидаги ҳамкорлик масаласи ҳам муҳокама қилинмоқда. Мутахассислар фикрича, келгусида бу йўналиш Ўзбекистон – Озарбайжон муносабатида янги драйверга айланиши мумкин.
Нефтъ-кимё, тўқимачилик ва қишлоқ хўжалаги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳаларида ҳам ҳамкорлик кучайиб боряпти. 2024 йил икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирокида қатор бизнес-форумлар ўтказилиб, инвестиция ва саноат кооперацияси бўйича келишувлар имзоланган.
Мутахассислар айни жараён биринчидан иқтисодий муносабат савдодан саноатга ўтаётгани, иккинчидан қўшма корхоналар орқали узоқ муддатли иқтисодий боғлиқлик шаклланаётанини муҳим тенденция сифатида баҳолайди. Агар транспорт ва саноат кооперацияси лойиҳалари изчил амалга оширилса, Ўзбекистон – Озарбайжон шериклиги МДҲ маконидаги энг динамик ва стратегик аҳамиятга эга йўналишлардан бирига айланиши мумкин.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА