Бош прокурор ўринбосари Ж.Хатамов ва Президент Администрацияси масъул ходими раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан Бухоро вилоятида қиш мавсумга тайёргарлик ҳолатини ўрганиш ишлари давом этмоқда.
Жумладан, Когон шаҳридаги “Иссиқлик манбаи” ДУКга қарашли “РК-3” қозонхонасини қиш мавсумига тайёрлиги ҳамда газ қувурларининг ҳолатлари ўрганилди. Бу борада аниқланган камчиликлар жойида муҳокама қилинди. Мутасадди идоралар раҳбарларига муаммоларни тез фурсатларда бартараф этиш ҳамда қозонхонани қиш мавсумига шайлигини сифатли таъминлаш юзасидан топшириқлар берилди.
Шунингдек, ишчи гуруҳ томонидан Когон шаҳридаги 3-сонли умумтаълим мактаб биносининг қиш мавсумига тайёргарлиги ўрганилиб, мутасадди идоралар раҳбарларига мактабга иссиқлик таъминоти, хусусан, тежамкор электр энергия ҳамда кўмир захираси билан тўлиқ таъминлаш чораларини тез фурсатларда ҳал қилиш бўйича топшириқлар берилиб, ижроси алоҳида назоратга олинди.
Ишчи гуруҳ томонидан Шофиркон ва Бухоро туманларида аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларига электр, табиий газ, кўмир ва ичимлик сувини етказиб бериш ҳолатларининг қиш мавсумига шайлиги, шунингдек, бозорларда нарх-навонинг барқарорлигини таъминлаш, озиқ-овқат захирасини яратиш ва уни сақлаш бўйича бевосита жойларга чиққан ҳолда ўрганишлар ўтказилди.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири.