Матиас Ванглер: мақсадимиз хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиш
“Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар уюшмаси ҳамда Германиянинг “German Sparkassenstiftung” ташкилоти ҳамкорлигидаги халқаро лойиҳа доирасида Андижон шаҳрида хотин-қизлар учун Тадбиркорлик маркази ташкил этилди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан кейинги йилларда мамлакатимизда аҳолининг, хусусан, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, турмуш фаровонлиги ва яшаш шароитларини яхшилаш, касб-ҳунарга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш орқали даромадларини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур йўналишдаги ишларни амалга оширишда ҳамкорлик лойиҳалари доирасида халқаро ташкилотлар ҳам фаол иштирок этмоқда.
Хусусан, Германиянинг “German Sparkassenstiftung” ташкилоти ҳам таълим соҳасида, яъни ёшлар ҳамда хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиш, ана шу йўналишдаги билим ва малакаларини ошириш, касб-ҳунар ўрганишларига кўмаклашиш борасида самарали иш олиб бораётган халқаро ташкилотлардан бири ҳисобланади.
“Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар уюшмаси билан ҳамкорликда Андижон шаҳрида ташкил этилган, доимий иш олиб борадиган хотин-қизлар Тадбиркорлик маркази ҳам ташкилотнинг ана шу йўналишдаги ишлардан бири бўлди.
Тадбиркор ва тадбиркорлик қилиш, касб-ҳунар ўрганиш истагидаги хотин-қизлар, кенг жамоатчилик вакиллари, “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар уюшмаси раиси ўринбосари Нигорахон Яқубова, “German Sparkassenstiftung” ташкилотининг Ўзбекистондаги регионал филиали раҳбари Матиас Ванглер иштирокида марказ очилишига бағишланган тадбирда марказнинг мақсад ва вазифалари, фаолият йўналишлари хусусида кенг маълумотлар берилди.


– Германия давлати кўплаб соҳаларда Ўзбекистон тараққиёт йўлини қўллаб-қувватлайди, – дейди “German Sparkassenstiftung” ташкилотининг Ўзбекистондаги регионал филиали раҳбари Матиас Ванглер. – Қолаверса, Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги мамлакат ҳукумати томонидан олиб бораётган улкан бунёдкорлик ишлари, эришилаётган ютуқларни эътироф этади. Ана шу ютуқлар шубҳасиз, ўзбекистонликлар тақдирида муҳим роль ўйнайди. Чунки ушбу ютуқлар сабаб сизлар тараққиётнинг янги босқичига кўтарила оласиз.
Германия ҳукумати фондимизни таълим соҳасидаги фаолиятини доимий қўллаб-қувватлаб келади.
Биз Европадаги йирик банк-молия гуруҳи вакили бўлсак-да, Ўзбекистонда ана шу йўналишда иш олиб бормаймиз, балки таълим ташкилоти сифатида иш юритамиз. Германиянинг иқтисод, молия ва тадбиркорлик соҳаларидаги бой тажрибаларни ўргатамиз, амалиёт ва илм-фанни бир-бирига яқинлаштирамиз. Ана шу йўналишда ўқишлар ташкил этамиз.
Фондимиз томонидан Республиканинг барча вилоятларида ўқув марказлари ташкил этилган. Марказдаги ўқув курсларида тажрибали тренерлар томонидан ёшларга, айниқса, қишлоқ аёлларига тадбиркорлик, бизнес-режа тузиш, бизнесни юритиш, маҳсулот ишлаб чиқариш, сингари қатор йўналишларда халқаро эътироф этилган билим ва тажрибалар ўргатилади. Бизнинг асосий мақсадимиз, ёшлар ва опа-сингилларимизни тадбиркорликка жалб этиш, уларнинг имконият ва салоҳиятларини юзага чиқариш, тадбиркорликка оид билим ва кўникма-ларини бойитиш, пировардида, турмуш фаровонлигини юксалтиришга кўмаклашишдан иборат.

Дарҳақиқат, “German Sparkassenstiftung” ташкилотининг молиявий кўмагида Андижон шаҳар марказидаги “Маърифат уйи”да ташкил этилган ва энг замонавий жиҳозлар билан таъминланган марказда ўз бизнесини йўлга қўйиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ниятидаги опа-сингилларимиз, ёшлар уй меҳмонхонаси, уй-боғча, гўзаллик салони, иссиқхона ташкил этиш, тикувчилик, боғдорчилик, ҳунармандчилик, қандолатчилик ҳамда компьютер саводхонлиги, IT ва бошқа қатор йўналишлар бўйича махсус ўқув курсларида бепул ўқитилади.
Машғулотлар “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар уюшмаси ҳамда уюшманинг Андижон филиали малакали мутахассис ва тренерлари томонидан олиб борилади.
– Тадбиркорлик марказининг асосий фаолияти хотин-қизлар, айниқса, чекка-чекка ҳудудларда яшаётган қишлоқ аёлларининг тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, шу билан бирга, аёлларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйишларига кўмаклашишдан иборат, – дейди “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар уюшмаси раиси ўринбосари Нигорахон Яқубова. – Яъни бу ерда аёлларимиз тадбиркорлик бўйича бепул ўқиб, зарур билим ва малакага эга бўлади, ўз тадбиркорлигини йўлга қўяди. Мазкур жараёнда мутахассислар уларга яқиндан ёрдам кўрсатади, зарур маслаҳат ва тавсиялар беради.
Бу орқали опа-сингилларимиз ўз бизнесига, доимий даромад манбаига эга бўлади, жамиятда ўз ўринларини топади. Ишонаманки, ушбу марказ андижонлик аёлларнинг яқин кўмакчисига айланади.


“Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар уюшмасининг Андижон филиали тасарруфидаги ушбу марказ курсларини муваффақиятли якунлаган хотин-қизларга махсус сертификат берилади, улар имтиёзли кредит олиш учун банкларга йўналтирилади.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари