Матбуот анжумани олий таълимдаги ислоҳотларга бағишланди
Навоий давлат университетида олий таълим тизимидаги ўзгаришлар, янгилик ва ислоҳотларга бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда университет проректорлари Таваккал Чориев, Бахтиёр Бобоназаров, Содиқ Хўжжиевлар 2024-2025 ўқув йили давомида амалга оширилган ишлар ва стратегик вазифалар ҳақида батафсил маълумот берди.
Бугунги кунда университетда 7 та факультет, 32 та кафедра ва 24 та йўналиш мавжуд бўлиб, 18 минг 980 нафар талаба таҳсил олмоқда.

Ўқув йили давомида “Талабалар баланси” тўлиқ якунланиб, ягона электрон база шакллантирилди.
Талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббус ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган 177 та тўгаракка 7000 нафардан ортиқ талаба қамраб олинди.

Шунингдек, иқтидорли ҳамда истеъдодли талабаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Заковат” интеллектуал ўйини, “Маърифат улашиб” лойиҳаси, “Миллий қадриятлар сайли” фестиваллари, “Иншолар”, “Видеороликлар”, “Ислоҳотлар билимдони” танловлари, “Талабалар ҳафталиги” доирасида 20 дан ортиқ лойиҳалар, спортнинг бир қатор турлари бўйича “Ректор кубоги” мусобақалари, мусиқий кечалар ўтказилди.

Университетда жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинган. Олийгоҳда ҳуқуқбузарликка мойиллиги бўлган 41 нафар талаба рўйхати шакллантирилиб, улар билан алоҳида ишлаш мақсадида профессор-ўқитувчилар бириктирилди.
Таъкидлаш ўринлики, бугунги кунда Навоий давлат университети талабаларидан 16 нафари Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номдор стипендиялар совриндори, 1 нафар талаба ва 1 нафар ўқитувчи “Ислоҳотлар билимдони” республика кўрик танлови совриндори, 13 нафар талаба Халқаро мусобақалар ғолиби, 35 нафар талаба юртимизда ўтказилган спорт мусобақалари ғолиблари ҳисобланади. Шунингдек, “Мард ўғлон” ва “Зулфия” номидаги давлат мукофоти совриндорлари бор.

Айни пайтда университетда фаолият олиб бораётган 518 нафар профессор-ўқитувчининг 21 нафари фан доктори ва 181 нафари фан номзоди саналади. Жорий йил якунига қадар 38 нафар профессор-ўқитувчининг фалсафа доктори (PhD), 9 нафар профессор-ўқитувчининг эса фан доктори (DSc) диссертация ҳимоялари режалаштирилган.
Университетда етакчи хорижий олий таълим ташкилотлари билан академик ва илмий ҳамкорликни ривожлантириш, профессор-ўқитувчиларнинг хорижий илмий-амалий стажировкасини тизимли йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилган. Биргина 2024 йилда университетда умумий қуввати 1 миллион АҚШ доллари қийматига тенг бўлган 6 та лойиҳа доирасида илмий-тадқиқот ишлари амалга оширилди. 54 нафар профессор-ўқитувчи ўзаро ҳамкорлик шартномалари асосида хорижий олий таълим муассасаларида қисқа муддатли стажировка ва халқаро форумларда иштирок этди.
Матбуот анжуманида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири