Масофавий нотариал ҳаракатларни амалга ошириш йўлга қўйилади
Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан хусусий нотариуслар институти жорий этилди.
2020 йил 1 январдан жорий этилган янги тизим натижасида нотариуслар сони 7,5 фоизга ошди. Натижада 3 мингга яқин фуқаро иш билан таъминланди. Давлат нотариал идораларини сақлаш харажатларидан 300 миллиард сўмдан ортиқ давлат маблағлари иқтисод қилинди.
Нотариуслар орасида рақобат шаклланди ва нотариал идораларда навбат кутиш муаммоси бартараф этилди. Фуқаро ва ташкилотларнинг нотариатга оид мурожаатлари сони 40 фоизга камайди.
14 идоранинг 20 тизими “Нотариус” электрон ахборот тизими билан интеграция қилиниши натижасида нотариал ҳаракатларни амалга оширишдаги бюрократия ва қоғозбозликлар кескин камайди.
Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон миллий матбуот марказида “Нотариуслар фаолиятини такомиллаштириш борасида амалга оширилган ишлар” мавзуида ташкил этилган матбуот анжуманида шу ҳақда сўз юритилди.
Адлия вазирлиги масъул ходимлари сўнги йилларда нотариат соҳасидаги муҳим ишлар хусусида маълумот берди.
Нотариат соҳаси электронлаштирилмоқда. Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун “Нотариус” ахборот тизими яратилди. Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун электрон навбатга ёзилиш имконияти яратилди. Тўловлар тўлиқ электрон кўринишга ўтказилди. Биллинг тизимига уланди. Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тўлиқ рақамли кўринишга ўтказилди.
Нотариатнинг “фаол модели” ишга туширилди. Реэстр китоблари электрон шаклда юритилмоқда. Нотариал расмийлаштирилаётган ҳужжатларни тасдиқлаш бармоқ изларини сканер қилиш йўли билан амалга оширилмоқда. Видеоконференцалоқа режимида ва электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда масофавий нотариал ҳаракатларни амалга ошириш йўлга қўйилмоқда. Аҳолининг электрон мурожаатларини қабул қилиш ҳамда уларга сервис хизматлар кўрсатиш мақсадида “e-notarius.uz” веб-сайти яратилди.
Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш борасида кўчмас мулк олди-сотди шартномаси гербли бланкада расмийлаштирила бошланди. Кўчмас мулкни олди-сотди, ҳадя ва айрибошлаш шартномаларини амалга оширишда ҳудудийлик принципи бекор қилинди. Кўчмас мулкни бошқа шахсга ўтказиш шартномалари тасдиқлангандан сўнг, уларни “Ягона дарча” тамойили асосида кадастр органидан рўйхатдан ўтказиш тизими жорий қилинди. Васиятнома ҳамда айрим мураккаб нотариал ҳаракатларни амалга оширишда фуқаронинг ҳужжатни имзолаш жараёни аудио ва видеотасмага туширилмоқда.
Ҳозирги кунда 880 нафар нотариус (876 нафар хусусий нотариус ва 4 нафар давлат нотариуси), 2060 нафар стажёр, ёрдамчи ва котиблар фаолият юритмоқда. Бир йилда ўртача 3,8 миллион нотариал ҳаракатлар амалга оширилмоқда
Кадрларни тайинлаш, жой-жойига қўйиш ва ишини ташкил этиш бўйича нотариусларнинг иш фаолиятини баҳолаш тизими жорий этилди. Олий малака комиссияга фақат электрон мурожаат қилиш тартиби ўрнатилди. Нотариус лавозимларига номзодларни танлов (малака имтиҳони) асосида танлаб олиш жараёни реал вақт режимида видеотрансляция қилинмоқда.
Н.Абдураимова, ЎзА