Марказий тергов ҳибсхонасида янги, замонавий тартибот биноси фойдаланишга топширилди
Мамлакатимизда жазони ижро этиш тизимини ислоҳ қилиш, ушбу соҳада инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, маҳкум ҳамда қамоқда сақланаётган шахслар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар нафақат муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, балки соҳага илғор рақамли ечимлар ва халқаро стандартларни жорий этишга ҳам қаратилган.
Ана шу эзгу мақсадларнинг изчил давоми сифатида Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш департаменти тасарруфидаги Марказий тергов ҳибсхонасида янги, замонавий тартибот биноси фойдаланишга топширилди.
Очилиш маросимида Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Тошпўлатов ҳамда давлат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда “Unicon.uz” масъулияти чекланган жамияти масъуллари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Олий суд раиси Робахон Маҳмудова, Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев, адлия вазири Акбар Тошқулов, фавқулодда вазиятлар вазири Азизбек Икромов, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова, Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) Сурайё Раҳмонова, Адвокатлар палатаси вакиллари ҳамда бошқа масъуллар муассасада яратилган имкониятлар билан яқиндан танишди.
Мазкур муассаса давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, инсон қадрини улуғлаш ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мос фаолият юритиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири экани алоҳида таъкидланди.
Марказий тергов ҳибсхонасининг асосий вазифаси – суд ҳукми чиққунга қадар тергов остидаги шахсларни қонунчилик талаблари асосида сақлашдан иборат. Шу боис бу ерда яратилган шарт-шароитлар, хавфсизлик чоралари ва ҳуқуқий кафолатлар ҳар томонлама пухта ўйланган.

Мазкур замонавий ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган мажмуа фойдаланишга топширилиши натижасида мавжуд айрим муаммолар ўз ечимини топди.
Жумладан, адвокатлар ва терговчилар учун яратилган шароитлар тубдан яхшиланиб, адвокатлар хонаси 19 тадан 50 тага, тергов хоналари эса 6 тадан 25 тага кўпайтирилди.
Адлия вазирлиги ҳамда Адвокатлар палатаси билан ҳамкорликда “E-advokat” платформаси орқали адвокатларга ҳимояси остидаги шахслар билан учрашувлар вақтини онлайн шаклда белгилаш имконияти яратилди.
Анъанавий тизимда кунига 70-80 нафар шахснинг ҳимоя ҳуқуқи таъминланган бўлса, рақамли платформа орқали бу кўрсаткич ҳозирги мавжуд 19 хона орқали 150-200 нафардан ошди. Янги ташкил этилган 50 та хона ишга туширилиши натижасида эса кунига 500-600 нафар шахснинг адвокат билан учрашувини ташкил этиш имконияти яратилади.
Онлайн суд хоналари сони 4 тадан 11 тага етказилиб, тергов ва суд жараёнларини масофавий амалга ошириш имкониятлари кенгайтирилди.
Ҳар бир муассасада онлайн шаклда нотариал хизматларини амалга ошириш имконияти яратилди. Ҳибсхонада сақланаётган шахсларнинг яқин қариндошлари билан қисқа муддатли учрашув хоналари сони 14 тадан 36 тага етказилиб, тирбандлик ва аҳолининг ҳақли эътирозларига чек қўйилди.
“E-Маҳкум” ахборот платформаси ҳамда “Қалъа” интеллектуал мониторинг платформаси ягона ахборот муҳитига интеграция қилиниши натижасида, 25 ташкилот билан ахборот алмашинуви йўлга қўйилди. Хусусан, суд ва тергов органлари билан ёзишмаларни электрон тизим орқали амалга ошириш имконияти яратилди.
Муассасанинг назорат-ўтказиш тизими тўлиқ автоматлаштирилиб, фуқаролар, ходимлар ва адвокатлар учун алоҳида кириш-чиқиш йўлаклари ташкил этилди ва кундалик сунъий навбатлар муаммоси бутунлай ҳал этилди. Тергов ҳибсхоналарида вояга етмаганлар ва болали аёллар учун 55 камера ажратилиб, халқаро стандартлар асосида жиҳозланди.
Жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахсларнинг яқинларига қулайлик яратиш мақсадида посилка, бандерол ва йўқловларни электрон дўкон орқали юбориш ишлари амалий босқичга ўтказилди.
Халқаро талаблар асосида барпо этилган янги бинода хавфсизлик ва шаффофликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Барча хоналар ва йўлаклар юқори аниқликдаги видеокузатув камералари билан жиҳозланиб, ягона марказлаштирилган назорат тизимига уланган. Бу эса муассаса фаолиятининг очиқлиги ва хавфсизлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ташриф иштирокчиларига муассаса ҳудудида ташкил этилган сайлгоҳ, маҳкумлар эҳтиёжлари учун жорий қилинган “Рақамли дўкон“, “М-биллинг“ ҳамда “Видеоучрашув“ тизимларининг ишлаш механизми ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди. Ушбу инновацион ечимлар маҳкумларнинг қонуний ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг яқинлари билан алоқасини сақлаб қолиш ҳамда хизматлардан фойдаланиш жараёнини замонавий форматга ўтказишга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА