Марказий Осиё журналистлари Брюсселда билим ва тажриба алмашмоқда
Бугунги кунда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва журналистлар салоҳиятини ошириш глобал ахборот маконида муҳим аҳамиятга эга.
Шу боис, жорий йилнинг 9-11 июнь кунлари Европа Иттифоқи томонидан махсус дастур доирасида ташкил этилган тадбир Марказий Осиё давлатлари журналистларига тажриба алмашиш ва билимларини мустаҳкамлаш имкониятини яратди.
Марказий Осиёнинг 5 мамлакатидан келган 15 нафар журналист Брюсселда бўлиб, Европа Иттифоқи ва унинг институтларига бағишланган дастурида иштирок этмоқда. Дастур давомида улар ЕИ институтлари фаолияти, қарор қабул қилиш жараёнлари ҳамда фуқаролар ва халқаро ҳамкорлар билан мулоқот механизмлари билан яқиндан танишмоқда.
Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси ахборот хизмати раҳбари Малика Мусаеванинг таъкидлашича, ушбу ташаббус журналистлар учун институтлар фаолиятини бевосита кузатиш ва халқаро жараёнларни чуқурроқ англаш имконини яратади.

– Энг муҳими, биз учун журналистлар фақат назарий маълумот олиб қолмасдан, Европа Иттифоқи институтлари ишини жойида кузатиши ва мулоқот жараёнларини амалда ҳис қилишидир. Шу асосда улар қарор қабул қилиш механизми, расмий коммуникация усуллари ва ҳамкорлик жараёнларини яхшироқ англайди. Бу эса уларнинг профессионал ёндашувини кучайтириб, келгусида тайёрланадиган материалларни янада таҳлилий ва ишончли бўлишига хизмат қилади, – деди Малика Мусаева.
Шунингдек, бугун иштирокчилар Европа Комиссиясининг брифингида қатнашиб, мазкур ташкилотнинг оммавий ахборот воситалари билан кундалик мулоқот жараёнини кузатиш имкониятига эга бўлди. Бу жараёнда улар Европа институционал тизимида очиқлик ва шаффофлик тамойиллари қандай амалга оширилишини амалда кўрди.
Аҳамиятлиси, Брюсселда ўтаётган ушбу тадбир иштирокчилар учун халқаро тажриба алмашиш, янги билим олиш ва касбий кўникмаларни оширишда муҳим майдон бўлиб хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА