Марказий Осиё учун янги имкониятлар даври келди
Яқин вақтгача Марказий Осиёни аксар таҳлилчилар йирик давлатлар манфаати тўқнашадиган ҳудуд сифатида тасвирларди. Бугун эса манзара ўзгарди. Энди минтақа ташқи кучлар сиёсати нишони эмас, балки халқаро жараённинг мустақил иштирокчиси сифатида майдонга чиққан.
2025-2026 йиллари Марказий Осиёда ўнлаб йиллар ечилмай келган муаммолар бўйича илгари силжиш кузатилди, янги иқтисодий йўлаклар шаклланди, ташқи шериклар билан муносабат мутлақ юқори босқичга кўтарилди. Марказий Осиё учун ҳақиқатан янги давр бошландими? Бу саволга жавоб излаш учун энг аввало минтақадаги сўнгги сиёсий ўзгаришларга назар ташлаш кифоя.
Йиллар мобайнида Марказий Осиё интеграцияси ҳақида кўп гапирилса-да, амалий натижа чекланган эди. Сўнгги даврда эса давлат раҳбарлари ўртасидаги Маслаҳат учрашувлари доимий мулоқот майдонига айланди. Чегара, транспорт, энергетика ва сув ресурслари каби энг мураккаб масалалар бўйича яқинлашув кузатилди.
2025 йил март ойида Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида чегара масаласи бўйича келишувга эришилгани минтақа тарихидаги муҳим воқеа сифатида баҳоланмоқда. Зеро, мазкур муаммо нафақат икки давлат, балки бутун минтақавий ҳамкорликка таъсир кўрсатиб келган эди. Келишув транспорт алоқаларини тиклаш ва ўзаро ишонч муҳитини мустаҳкамлаш учун янги шароит яратди. Энди дунё Марказий Осиёга мутлақо бошқача нигоҳ билан қарай бошлади.

2025 йил апрель ойида Самарқанд шаҳрида илк бор Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари саммити ўтказилиб, муҳим қарорлар қабул қилинди. Бу дипломатик қадам ортида беқиёс иқтисодий ва сиёсий маъно мужассам: Европа минтақа билан савдо, транспорт, энергетика, рақамли инфратузилма ва муҳим хом ашё йўналишларида узоқ муддатли шерикликни кенгайтиришга тайёрлигини намоён қилди. Самарқанд саммити давомида ЕИ томонидан 12 миллиард евролик сармоявий ташаббус ҳам эълон қилинди. Бу маблағ транспорт йўлаклари, энергетика лойиҳалари, рақамли алоқа тизими ва яшил иқтисодиётга йўналтирилиши кўзда тутилган.
Марказий Осиё бугун фақат Европа эмас, балки Хитой, АҚШ, Туркия, Кўрфаз давлатлари ва бошқа халқаро ўйинчилар учун ҳам стратегик аҳамият касб этмоқда. 2025 йил Астанада ўтган иккинчи “Хитой – Марказий Осиё саммити ҳам айни қизиқиш нақадар кучайганини кўрсатди.
Шу тариқа минтақа тарихида илк бор бир вақтнинг ўзида бир неча йирик геосиёсий марказ билан мувозанатли ҳамкорликни ривожлантириш имконияти пайдо бўлди. Шу тариқа қардош давлатларимизда ташқи сиёсат имконияти кенгайди, сармоя жалб қилиш ва иқтисодий лойиҳаларни кўпайтириш салоҳияти юзага чиқди.
Бугун Марказий Осиё учун хавфсизлик муаммоси эмас, транспорт йўлаклари, рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект, энергия хавфсизлиги ва халқаро логистика масалалари устувор. Охирги икки йил воқеаларига назар ташласак, минтақамиз энди ташқи кучлар ўртасидаги ҳудуд эмас, балки Евросиёнинг янги иқтисодий-сиёсий тугунига айланаётган маконга айланганини кўриш мумкин.
Транспорт йўлаклари, энергетика ва рақамли трансформация – келажак учун кураш майдони
XX асрда давлатлар қудрати табиий ресурслар билан ўлчанган, XXI асрда эса глобал иқтисодиётнинг асосий мезони логистика, технология ва маълумот оқими билан белгиланяпти. Айни нуқтаи назардан Марказий Осиё тарихий бурилиш палласига кирган.
Сўнгги йилларда халқаро савдо тизимида юз берган кескин ўзгариш янги транспорт йўлакларига эҳтиёжни кучайтирди. Россия – Украина уруши, Қизил денгиздаги хавфсизлик муаммоси ва дунё таъминот занжиридаги узилиш натижасида давлатлар анъанавий маршрутларга муқобил йўллар излашга мажбур. Шундай шароитда Марказий Осиё кўп йил давомида орзу бўлиб келган географик устунлигини ҳақиқий иқтисодий афзалликка айлантириш имконига эга.
Бугун халқаро экспертлар тез-тез тилга олаётган лойиҳа – Транскаспий халқаро транспорт йўлаги ёки кенг тарқалган номи билан айтганда, “Ўрта йўлак” Хитойдан бошланиб, Қозоғистон, Каспий денгизи, Озарбайжон, Грузия ва Туркия орқали Европа бозорига чиқиш имконини беради.
Авваллари истиқбол сифатида баҳоланган мазкур лойиҳа эндиликда халқаро иқтисодий стратегиянинг муҳим қисмига айланди. Европа Иттифоқи, Туркия, Хитой ва минтақа давлатлари мазкур йўналиш инфратузилмасини такомиллаштиришга мислсиз маблағ йўналтирмоқда. Жараённинг асосий ютуғи шундаки, Марказий Осиё энди фақат оралиқ ҳудуд эмас, логистика хизмати, саноат кооперацияси ва юқори қўшимча қиймат яратадиган ишлаб чиқариш занжирининг бир қисмидир.
Яна бир муҳим тенденция энергетика соҳасида кузатилмоқда. Кўп йил давомида нефть, газ ва уран каби ресурслар манбаи сифатида кўрилган минтақамиз бугун яшил энергетика бўйича ҳам муҳим ҳудуд сифатида эътироф этиляпти.
Ўзбекистонда қуёш ва шамол электр станциялари бўйича йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Қозоғистон шамол энергетикаси бўйича улкан салоҳиятга эга. Қирғизистон ҳамда Тожикистон эса гидроэнергетика имконияти билан ажралиб туради. Минтақа нафақат энергия экспортчиси, балки қайта тикланувчи энергия марказларидан бирига айланиш учун ҳаракат қилмоқда. Бу жараён халқаро сармоядорлар қизиқишини ҳам оширмоқда. Зеро, келажак иқтисодиёти учун арзон ва барқарор энергия манбалари ҳал қилувчи аҳамиятга эга. бироқ Марказий Осиё келажагини фақат транспорт ва энергетика билан изоҳлаш етарли эмас. Бугун рақамли иқтисодиёт соҳасида ҳам янги рақобат бошланган. Сунъий интеллект, маълумот марказлари, молиявий технология хизмати, электрон ҳукумат тизими ва стартап экотизими мамлакатларимиз тараққиётининг муҳим кўрсаткичларига айланди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон рақамли трансформация дастурларини жадаллаштирди. Технологик парклар, IT-хаблар ва инновацион марказлар сони ортмоқда. Халқаро компаниялар эса минтақа ёшлари салоҳиятини янги иқтисодий ўсиш драйвери сифатида баҳоламоқда. Аслида, Марказий Осиёнинг энг катта бойлиги – аҳолининг ёш таркиби.

Бугун минтақамизда истиқомат қилаётган 80 миллиондан ортиқ аҳолининг аксари меҳнат бозорига кириб келаётган ёшлар. Таълим, инновация ва технологияга сармоя кўпайса, демографик ресурс келгуси ўн йилликларда иқтисодий ўсишнинг асосий омилига айланиши шубҳасиз. Табиийки, ҳал қилиниши лозим бўлган масала ҳам оз эмас: сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, иқлим ўзгариши оқибатига мослашиш, саноатни диверсификация қилиш, транспорт инфратузилмаси такомиллаштириш орқали минтақавий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш.
Хуллас, бугунги воқелик бир ҳақиқатни кўрсатмоқда: Марказий Осиё илк бор географик жойлашув, сиёсий мулоқот, ташқи шериклар қизиқиши ва иқтисодий имконият уйғунлашган даврга кириб келмоқда.
Ҳозир “Марказий Осиё учун имкониятлар даври келдими?” деган савол долзарб эмас. Асосий масала минтақа давлатлари шу имкониятдан қай даражада самарали фойдаланишида. Тарих имконият беради. Мавжуд салоҳиятни тараққиёт сари йўналтириш эса мамлакатларнинг ўз қўлида.
Мусулмон Зиё, ЎзА