Марказий банк сўрови: қарздорларнинг 61 фоизи кредитларини ўз вақтида қайтаришга қийналмоқда
Марказий банк томонидан 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида аҳолининг қарз юки даражасини баҳолаш мақсадида республика бўйлаб 5,8 минг нафар респондент ўртасида ўтказилган сўров натижалари мамлакатда кредит юкламаси юқорилигича сақланаётганини кўрсатди.
Таҳлилларга кўра, респондентларнинг 77 фоизи ўзи ёки оила аъзоларидан камида бирида банк ёки банкдан ташқари қарз мажбуриятлари мавжудлигини билдирган. Улардан 68 фоизи банк кредитига эга бўлса, ҳар бешинчи қарздорда банкдан ташқари қарздорлик ҳам мавжуд.
Сўров иштирокчиларининг аксарияти оиласининг ўртача ойлик даромади 12 миллион сўмгача эканини қайд этган. Шунингдек, респондентларнинг 19 фоизи қўшимча даромад манбаига эга бўлиб, уларнинг 58 фоизи ойига 4 миллион сўмгача қўшимча даромад олишини маълум қилган.
Қарзларнинг мақсадли йўналиши таҳлил қилинганда, кредитларнинг 20 фоизи уй-жой сотиб олиш ёки таъмирлашга, 18 фоизи автомобил харидига йўналтирилгани маълум бўлди. Эътиборлиси, қарздорларнинг 8 фоизи аввалги қарзини қоплаш учун яна кредит олганини билдирган.
Сўровнинг энг муҳим хулосаларидан бири шундаки, респондентларнинг 61 фоизи кредит тўловларини ўз вақтида амалга оширишда қийинчиликка дуч келаётганини таъкидлаган.
Шу билан бирга, қарздорларнинг 47 фоизи келгуси олти ойда тўлов қобилияти яхшиланишига ишонч билдирган бўлса, 42 фоизи молиявий аҳволи ўзгармаслигини билдирган.
Таҳлил натижаларига кўра, банкдан қарз олган респондентларнинг ўртача қарз юки даражаси 51 фоизни ташкил этган. Бу эса уларнинг даромадининг ярмидан кўпроғи кредит тўловларига сарфланаётганини англатади. Шунингдек, қарздорларнинг 47 фоизида қарз юки даромадининг 50 фоизидан юқори даражага етган.
Сўров иштирокчиларининг 68 фоизи кредит тўловлари учун ҳар ой 6 миллион сўмдан кам маблағ сарфлаётганини қайд этган. Қарздорларнинг 48 фоизи кредитни уч йилгача бўлган муддатда сўндиришни режалаштирган бўлса, 27 фоизи қарзни тўлиқ узиш учун беш йил ва ундан ортиқ вақт талаб этилишини билдирган.
Мутахассисларнинг фикрича, мазкур натижалар аҳолининг молиявий барқарорлигини таъминлаш, масъулиятли қарз олиш маданиятини шакллантириш ҳамда молиявий саводхонликни янада ошириш муҳим аҳамиятга эга эканини кўрсатмоқда.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА