Мақсуд Шайхзода Чўлпонга қарши кўрсатма берганми?
Бугун Тошкент давлат транспорт университетида адибнинг таваллуд айёми муносабати билан Мақсуд Шайхзода номидаги ўқув-зали экспозиция очилиш маросими ва халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Умрлар борки, тиригида ўликдир,
Умрлар борки, мангуликка тирикдир.
Ушбу сатрлар муаллифи Мақсуд Шайхзода ҳақиқатан умрини мангуликка муҳрлаган адиблардан эди. Бугун Тошкент давлат транспорт университетида адибнинг таваллуд айёми муносабати билан Мақсуд Шайхзода номидаги ўқув-зали экспозиция очилиш маросими ва халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Маросимда Тошкент давлат транспорт университети маъмурияти, Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази вакиллари ҳамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Иброҳим Ғофуров, академик Наим Каримов ва бошқа адабиётшунослар қатнашди.

Шунингдек, Қирғизистон, Қозоғистон каби қўшни республикалардан турколог ва филологлар ҳам интернетда zoom иловаси орқали иштирок этдилар.
Конференцияда турли адабиётшунослар адибнинг ижод йўли, унинг ўзбек адабиётига қўшган беназир ҳиссаси ҳақида фикр билдирдилар.
«Низомий ватанида туғилган Шайхзода фалакнинг гардиши билан ўзбек тупроғига келиб қолиб, ҳаётининг бахтли ва фожиали кунларини шу ерда кечирди. Шу ерда шоир, драматург, адабиётшунос олим, таржимон ва педагог сифатида шаклланиб, ўзбек адабиёти, адабиётшунослиги ва таржима мактаби тараққиётига улкан ҳисса қўшди. Тақдир Шайхзодани Ҳазор денгизи оша олиб ўтиб, кўҳна Тошкентнинг қайноқ бағрига бир умрга олиб келиб ташлаган эди.
У шу ерда оила қурди. Шу ерда ўзбек халқи, худди озарбайжон халқи сингари, бағри кенг, меҳр-оқибатли, меҳнаткаш халқ эканлигини кўрди. Шу ерда ўзбек тилини мукаммал эгаллаб, ўзбек адиби бўлди, забардаст шоир, баркамол драматург ва мутафаккир олим сифатида ўзбек халқининг қалбини забт этди. Унинг номи ўзбек адабиёти тарихига олтин ҳарфлар билан ёзилди», дейди Наим Каримов конференцияда сўзлаган нутқида.
Мақсуд Шайхзода Жалолиддиннинг Мангбурни (бурнида холи бор) лақабини «Мангуберди» сифатида ўзгартирган. Ҳазрат Алишер Навоийни «ғазал мулкининг султони», дея таърифлаган ва икки таъриф урфга айланиб кетган.

Олимларнинг маълум қилишича, Мақсуд Шайхзода қатағон йилларида Чўлпон, Ойбек каби адибларни сотмаган. Хусусан, Наим Каримовнинг сўзларига кўра, терговчи Мақсуд Шайхзодадан Чўлпонга қарши кўрсатма олиш учун кўп овора бўлган ва буни уддасидан чиқолмаган.
Абдулла Қодирий номи оқланаётган даврда ҳам Мақсуд Шайхзода Қодирий номини оқлаш билан бирга унинг асарларидан тақиқни олиб ташлашни таклиф қилган. Адиб вақти келса, ўзининг қамалишига сабабчи бўлган ёзувчилар билан ҳам очиқ юз билан сўраша олган мард инсон бўлган.
Бугунги ўтган илмий-амалий конференцияда Мақсуд Шайхзодани етук адиб сифатида ёдга олиш – икки ўзбек ва озар қардош халқлари муносабатларини ривожлантириш ва туркий тилларда сўзлашувчи давлатларни интеграциялашувига туртки беради.
Анора СОДИҚОВА, ЎзА