Мақсад тадбиркорлар муаммоларини ҳал этиш
Бизнес-омбудсман девони мамлакатимизнинг турли ҳудудларида тадбиркорлар билан мулоқот ўтказмоқда. Ана шундай мулоқот Қорақалпоғистон Республикасида ҳам ташкил этилди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари томонидан Қорақалпоғистон Республикасига алоҳида эътибор кўрсатган ҳолда, ҳудудда аҳоли бандлигини таъминлаш, ишлаб чиқариш ва инвестиция салоҳиятидан самарали фойдаланиш, тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш, иқтисодий ва ижтимоий ривожланишни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида тизимли равишда ислоҳотлар олиб борилмоқда. Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, сўнгги беш йил мобайнида Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан Оролбўйи бўйича бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Уларда Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлик билан шуғулланиш, уларнинг фаолиятини ривожлантириш учун кенг имконият ва имтиёзлар берилган.

Хусусан, айрим солиқлардан озод этилиши ва солиқ ставкаларининг икки бараварга камайтирилиши, ер участкаларини ажратиш, иморатларнинг хусусийлаштириб берилиши, бўш турган объектларни аукцион орқали сотиб олишда бўлиб тўлашга имконият яратилгани, субсидия ва имтиёзли фоизда кредитлар берилиши каби кўплаб шароитлар муҳайё этилган. Бугунги кунда тадбиркорлар берилган ушбу имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда ўз фаолиятини янада ривожлантириш, хизматлар кўрсатиш сифатини яхшилаш ва ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни мақсад қилган.
Таъкидлаш лозимки, қўллаб-қувватлашлар натижасида сўнгги икки йилда ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйган корхоналар кўпчиликни ташкил қилади. Бу борада Бизнес-омбудсман томонидан давлат ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида доимий равишда самарали суҳбатлар йўлга қўйилиб, уларнинг фаолиятига амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
Тадбиркорлик фаолиятига тўсиқ бўлаётган тизимли муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш юзасидан ўтказилган мазкур учрашувда ҳам ишлаб чиқаришни йўлга қўйган корхоналар вакиллари билан суҳбатлашган ҳолда, фикр ва таклифлари тингланиб, уларга мувофиқ бизнес муҳитни янада яхшилашга қаратилган мезонларни амалиётга татбиқ қилиш чоралари белгилаб олинмоқда. Мақсад эса битта: тадбиркорларнинг овозини эшитиш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш ва тадбиркорлик муҳитини янада яхшилашга кўмаклашишдан иборат.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири