Мақом фидойисини хотирлаб
Миллий мақом санъатимизнинг ривожи, тарғиботида устоз санъаткор, мақом дарғаси, Ўзбекистон халқ артисти Юнус Ражабийнинг хизматлари беқиёсдир.
Устоз санъаткор номи билан юритилувчи Ўзбек миллий мусиқа санъати институтида атоқли бастакор, мақом санъатининг хазинабони хотирасига бағишланган мусиқий-маърифий кеча бўлиб ўтди.

Кечада эътироф этилганидек, Юнус Ражабий аввало маданий жамоатчиликка ўткир ширали овозга эга бўлган истеъдодли хонанда сифатида танилган эди. У айтган «Гиря», «Нолиш», «Кўча боғи», «Курд», «Қаландари», «Шаҳнози Гулёр», «Баёт», «Қаро кўзим», «Дугоҳи Ҳусайни», «Чоргоҳ», «Мискин», «Насруллойи» каби мақом йўлларидаги ашулалар, у тиклаган «Субҳидам», «Ёлғиз», «Сайқал», «Сегоҳ», «Дугоҳ» ва бошқа қадимги ўзбек куй ва ашулалари ҳозир ҳам тингловчилар қалбидан ўрин олган.

Хонандаликни бастакорлик билан биргаликда олиб борган санъаткор ўзбек мусиқали драма жанрида самарали ижод қилиб, куйлар, қўшиқлар, рақс куйлари, хор асарлари, кўплаб спектакллар учун мусиқий асарлар ёзди.
«Фабрика ялласи», «Ёр-ёр», «Мирзачўлда тўй», «Ўзбекистон», «Қаҳрамонлар ҳақида қўшиқ», «Бизнинг даврон», «Ватан ҳақида қўшиқ» «Халқлар дўстлиги», «Баҳор келди», «Шодлик», «Дугоналарга», «Кошки», «Гулбарги», «Ғалаба» каби куй, хор асарлари, «Ўйин баёти», «Ўйин дугоҳи», «Пахта» сингари рақс куйларини ҳам яратди.

Ўзбек мусиқа меросини тўплашда Юнус Ражабийнинг хизматлари ниҳоятда қатта. У 1935 йилдан бошлаб куй ва қўшиқларни, мақомларни тўплай бошлади. Шунинг натижаси ўлароқ Е.Романовская, А.Акбаровлар 1939 йилда тузган «Ўзбек халқ қўшиқлари» тўпламидан Юнус Ражабий нотага солган 29 та ашула ва қўшиқлар ўрин олди.
Маълумотларга кўра, Юнус Ражабий 1955-1959 йилларда (Й.Акбаров таҳрири остида) 5 жилдлик «Ўзбек халқ музикаси» тўпламларини нашр эттирди. Уларга турли жанрлардаги мингга яқин ўзбек куй ва ашулалар, «Бухоро Шашмақоми», Тошкент, Фарғона мақом йўллари, катта ашулалар, Ҳамза қўшиқлари, ўнлаб бастакорларнинг асарлари киритилган. Мақом ансамбли билан узоқ ишлаши натижасида 1966-1974 йилларда (Ф.Караматов таҳририда) «Шашмақом»нинг 6 жилдлик янги нашрини тайёрлади.
Мутахассисларнинг фикрича, мазкур китобларга изоҳ берувчи 1978 йилда нашр этилган «Музика меросимизга бир назар» асари мақомчиларнинг ижро услубларини ўрганишда муҳим қўлланма бўлди.
Юнус Ражабийнинг ўзбек мусиқа ва қўшиқ санъати ривожидаги улкан хизматлари сабабли санъаткор 1958 йилда «Ўзбекистон халқ артисти» унвони, Республика Давлат мукофоти (1973) билан тақдирланди. 1966 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига сайланди.
Истиқлол йилларида Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан устоз санъаткор “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди.
Хотира тадбирида мусиқашунослар, Ўзбекистон халқ артистлари, халқ ҳофизлари, хизмат кўрсатган артистлар, санъатшунослар, олимлар, мақом санъатига фидойилик билан хизмат қилаётган ижодкорлар, талаба ёшлар ҳамда мақом ихлосмандлари иштирок этди.
Хотира кечасида Юнус Ражабий ижоди ҳақида батафсил сўз юритилди.
Мақомлардан намуналар тақдим этилди. Шунингдек, хотира кечасида Ражабийлар сулоласининг вакиллари — Ҳасан Ражабий, Тоҳир Ражабий ва Aзиз Ражабий миллий мақом санъатининг ривожи ҳақида сўз юритди.
Тадбир якунида Юнус Ражабийнинг ижодидан намуналар ижро этган ёшлар ва ижодкорлар институт раҳбарияти томонидан дипломлар билан тақдирланди.
Н.Усмонова,
ЎзА