Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мансабдор шахс ёки унинг вакили маъмурий суд мажлисида мажбурий иштирок этиши жорий этилиши мумкин

Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига парламент назорати фаолияти асосларини янада мустаҳкамлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар парламентнинг давлат ва жамиятдаги ролини ошириш, парламент назоратининг самарали ва таъсирчан механизмларини яратиш, судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш ҳамда судьялик лавозимларига малакали кадрларни тайёрлаш ва тайинлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилмоқда.

Мазкур қонун билан парламент фаолиятига оид қонун ҳужжатларига палаталар қўмиталари мажлисларида давлат органлари раҳбарларининг Конституция ҳамда қонунларни, давлат дастурларини ижро этиш, ўз зиммаларига юклатилган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш бўйича ахборотини эшитишни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Шунингдек, судьялик лавозимларига сайлаш учун номзодларни дастлабки тарзда Сенатнинг масъул қўмитаси томонидан кўриб чиқиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маърузани Олий Мажлис палаталарига тақдим этишнинг аниқ муддати белгиланади.  

 “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига иқтисодий ва маъмурий судларга мурожаат қилишда фуқаролар ва тадбиркорлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга ҳамда одил судловга эришиш даражасини оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан эса  Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча киритилмоқда. Қонунчилик маъмурий суд томонидан низоларни ҳал этиш жараёнида маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш тартибини назарда тутувчи норма билан тўлдирилмоқда.

Бундан ташқари, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги ва Иқтисодий процессуал кодексларга экстерриториал судловга тегишлиликни жорий этишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Шу билан бирга, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга давлат органининг мансабдор шахси ёки унинг вакили маъмурий суднинг мажлисида мажбурий иштирок этишини таъминлаш, ишончнинг ҳуқуқий ҳимояси принципи ва дастлабки эшитув институтини киритиш назарда тутилмоқда.

Бундай ўзгартиришлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун судларга мурожаат қилишда янада қулай шарт-шароитлар яратиш, судлар фаолияти самарадорлигини ошириш, шунингдек, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатишга хизмат қилади.

Н.Абдураимова, ЎзА