Мангуга муҳрланган шоир
Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг қутлуғ етмиш икки ёши нишонланаётган кунда у орамизда йўқ. Муҳаммад Юсуф ўзига хос иқтидор ва истеъдод соҳиби эди. Кўриниши, қалби, юриш-туриши ўзидай содда шоирнинг қалби болалигидан адабиётга, шеъриятга ошуфта эди.
Муҳаммад Юсуф ўзбек шеъриятига халқона наволар оҳангини олиб кира олди. Унинг шеърларида уйғоқ ва безовта туйғулар, дилбар кечинмалар яширинган. Шу боис, шоир шеърларини бефарқ ўқиб бўлмайди.
Эл-юрт ҳурматини топа олган Муҳаммад Юсуф бетакрор шеърлари билан одамларнинг дардини, қалбидаги шодликлар, халқига, она юртга муҳаббат, садоқат ва фидойилик туйғуларини содда ва гўзал мисралар орқали тараннум этган бетакрор ижодкор эди.
Ватанни севиш туйғуси унинг ижодида ўзгача руҳ билан гавдаланади. Чунки, унинг ижодида, қалб тўридан тўкилган бетакрор сатрларда она Ватанга муҳаббат, уни ардоқлаш, юртпарвар бўлишдек юксак инсоний фазилатлар дилга яқин, гўзал ташбеҳларда тараннум этилади. Ана шу оҳанглар қалбни жунбишга келтиради, юртни янада кучлироқ севишга ундайди.
О, ота маконим.
Онажон ўлкам,
Ўзбекистон, жоним тўшай соянгга.
Сендай меҳрибон йўқ,
Сенингдек кўркам.
Римни алишмасман бедапоянгга. – дея юракдан ўз изҳорини баён этганда нимлар кўнглидан кечган экан.
Оддийгина таъриф. Лекин гўзал мисраларда она юртга беқиёс меҳр мужассам. Шоирга дунё керакмас, унинг учун дунё бу – туғилиб ўсган қишлоғи, ўз Ватани. Шоирнинг Ватан ҳақидаги шеърларни ўқиганимизда қалбимизда юртга ўзгача муҳаббат, ўзгача туйғуни ҳис этамиз. Мисралари содда бўлса-да самимий, жумлалари баландпарвозликдан йироқ, ташбеҳлари ўзига хос.
Шоирнинг шеърларида шундай ташбеҳлар учрайдики, ана шу мисраларни ўқиган китобхон беихтиёр уни хиргойи қилиб юборади. Шоирнинг гоҳ райҳонни, гоҳ жайронни, гоҳида эса ялпизни ўзига энг яқин дўст сифатида эрка кийиклару лолақизғалдоқларни тараннум этувчи мисралари ҳар қандай ўқувчини беихтиёр сеҳрлаб қўяди.
Муҳаммад Юсуф шеърлари халқона тилда яратилганлиги боис, у ҳар бир ўзбекнинг эътиборини торта олади. Шоир сингари табиат билан, қушлар билан, қўйингки, турли жонзотлар билан шеърий сатрлар ила тиллаша оладиган, сирлашадиган шоирлар саноқли.
Яратган суйган бандасини элга суюкли қилади, қалбига бошқалар кўра олмайдиган, илғай олмайдиган туйғуларни солади. Шу ўринда Муҳаммад Юсуфга ҳам ана шундай улуғ неъмат ато этилганмикан, деган хаёлларга борасан. У “Менинг дардим” шеърида шундай ёзади:
Тузалмайди дардим менинг,
Ўлсам керак.
Тупроқ билан оға-ини
Бўлсам керак.
Ўлим нима? Бу ҳам битта
Сайр, Она.
Ўғлинг қаро ерга кетди,
Хайр она…
Шоир вафотидан сўнг марҳаматликлар, шоирнинг ҳамқишлоқлари у билан ифтихор қилибгина қолмай, шоир хотирасини улуғлаш, номини абадийлаштириш баробарида ҳам эътиборга молик ишларни амалга оширди.
Жумладан, Қовунчи маҳалласидаги, шоир хонадони, у таҳсил олган мактабда музей ташкил этилиб, шоир ҳаёти, ижодига оид жиҳозлар, кўргазмали воситалар, китоблари билан безатилди. Шоир дафн этилган Ғиштмозор қабристони ободонлаштирилиб, шоирнинг бюсти ўрнатилди.
Ҳар йили апрель ойида Марҳамат, айниқса, Қовунчи қишлоғи адабиёт, шеърият мухлислари билан гавжум бўлади. Нафақат Андижон, балки қўшни Фарғона, Наманган, республикамизнинг турли вилоятларидан, қўшни республикалардан ҳам шоир ижодининг мухлислари ташриф буюриб, шеърият кечалари, мушоиралар ўтказилиши анъанага айланган.
– Россияда одатга айланган шундай анъана бор, – дейди марҳаматнинг зиёли инсонларидан Ортиқали Хусанов. – Ҳар йили рус халқининг улуғ шоири Александр Пушкин туғилган куни шеърият мухлислари шоир ҳайкали олдига келиб, унинг шеъридан ўқийди. Беш-олти киши келиб эшита бошлайди. Яна кимдир шеър ўқийди. Шу тариқа минглаб кишилар тўпланиб, пушкинхонлик кечасига айланади. Энг қизиғи, шеърхонлик ҳеч кимнинг кўрсатмаси ёки ташкилотчилигида ўтмайди.
Бугун минглаб адабиёт, шеърият мухлисларининг Муҳаммад Юсуф хотирасини ёд этиш учун унинг қишлоғига, у мангу қўним топган қабристонни зиёрат қилиш учун келишлари анъанага айланганлиги ҳам шоир хотирасига, унинг ижодига бўлган ҳурмат ва муҳаббатнинг намунасидир.
Эртага шоир таваллуд топган кун Марҳамат, айниқса, Қовунчи қишлоғи шоир ва ёзувчилар, ижодкор ёшлар, адабиёт, шеърият ихлосмандлари гавжум бўлади, шеърият байрами ўтказилади. Минглаб одамлар ана шу байрамда иштирок этиш, халқимизнинг севимли ва соддадил шоири Муҳаммад Юсуф хотирасини ёд этиш учун келадилар.
Ҳақиқий шоирлар ўлмайди. Ўзидан бетакрор ва ўлмас шеърлар қолдирган Муҳаммад Юсуф ҳам барҳаёт, унинг номи, ижоди халқимиз, юртдошларимиз қалбида мангуга муҳрланган.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА