Мамлакатимиз тупроқшунос олимлари Хитойдаги нуфузли халқаро илмий конференцияда иштирок этмоқда
Шу кунларда Хитой Халқ Республикасида бўлиб ўтаётган "Воҳа қишлоқ хўжалигининг иқлим ўзгаришига чидамлилиги ва барқарор ривожланиши" мавзусига бағишланган халқаро илмий конференциясида юртимиздан Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти олимлари иштирок этмоқда.
Нуфузли халқаро анжуманда институтнинг “Тупроқ географик ахборот тизимлари ва педометрика бўлими” бошлиғи Зафар Баҳодиров ҳамда институтнинг Хоразм минтақавий бўлинмаси директори Мақсудбек Кариев тупроқ ресурсларини бошқариш, агроэкология ва замонавий рақамли технологияларни амалиётга жорий этиш борасидаги илмий ишланмаларни халқаро ҳамжамият эътиборига ҳавола этмоқда.
Конференция доирасида дунёнинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган олимлар ва мутахассислар иштирокида агроэкологик тизимларни ривожлантириш, тупроқ ресурсларини муҳофаза қилиш, рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини қўллаш ҳамда барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилган илғор илмий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳалар муҳокама қилинмоқда. Шунингдек, иштирокчилар илмий-амалий тажрибалар алмашиб, истиқболли ҳамкорлик йўналишларини белгилаш юзасидан мулоқотлар олиб бормоқда.

“Ўзбекистонда тупроқ ресурсларини барқарор бошқаришда сунъий интеллект ва рақамли технологиялар” мавзусидаги тақдимотда мамлакатимизда тупроқ ресурсларини самарали бошқариш, уларнинг ҳолатини доимий мониторинг қилиш, деградация жараёнларини баҳолаш ҳамда ер ресурсларидан оқилона фойдаланишда сунъий интеллект, географик ахборот тизимлари (ГИС), масофадан зондлаш ва бошқа замонавий рақамли ечимларнинг имкониятлари кенг ёритилди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда сунъий интеллект ва рақамли технологиялар қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, тупроқ унумдорлигини сақлаш, экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда табиий ресурслардан самарали фойдаланишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Шу нуқтаи назардан, илғор илмий ютуқларни амалиётга кенг татбиқ этиш, халқаро тажрибаларни ўрганиш ва инновацион ёндашувларни жорий этиш мамлакатимиз аграр тармоғининг рақобатбардошлигини янада оширишга хизмат қилади.

Мазкур халқаро конференцияда Ўзбекистон олимларининг иштироки илмий салоҳиятимизни халқаро майдонда кенг намоён этиш, хорижий илмий марказлар билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, қўшма илмий тадқиқотларни ривожлантириш ҳамда тупроқ ресурсларини барқарор бошқариш бўйича илғор тажрибаларни мамлакатимиз амалиётига татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этади.
Гулноза Бобоева, ЎзА