Мамлакат тиббиётида илк бор яхлит сон суяги алмаштирилди (+видео)
Ўзбекистонда илк бор беморнинг сон суяги яхлитлигича алмаштирилди. Бу билан Бешариқдаги “Ихлос” клиникаси жарроҳлари мамлакат тиббиётида янги саҳифа очдилар.
Яккатут қишлоғидаги “Ихлос” хусусий клиникаси довруғи эса аллақачон Марказий Осиёга тарқалган. Айниқса, тизза, сон, қўймич, тос, елка суякларини даволаш, қисман алмаштириш борасидаги тиббий сифат ва нарх уни машҳур қилди. Шу минтақадаги беморлар энди Ҳиндистон ёки бошқа мамлакталарга эмас, Бешариқнинг Яккатут қишлоғига– “Ихлос” хусусий клиникасига келишмоқда.

Шу кунларда эса Ўзбекистон тиббиёти учун ҳам муҳим воқеа – сон суягини тўлиғича алмаштириш жарроҳлик амалиёти айнан Бешариқда, Яккатут қишлоғида рўй берди.

– Автоҳалокатга учраганимда чап оёғимнинг сон суяги пачоқланиб кетди. Суякнинг синган бир қисми танамдан ташқарига тушган, – дейди бемор Сайёра Турдалиева. – Мени Тошкент шаҳридаги шифохонага олиб боришганида зудлик билан чап оёғимни кесмоқчи бўлишди. Мен унга рози бўлмадим.

Шундан сўнг бемор Сайёра Турдалиевани Бешариққа, Яккатут қишлоғидаги “Ихлос” клиникасига олиб келдилар.

– Беморда сон суягининг маълум қисми умуман йўқ, жароҳат жуда катта эди. Биз ўнг оёқдан масса ва тери олиб чап оёқдаги йўқ жойларга экдик, – дейди “Ихлос” клиникаси бош шифокори Салоҳиддин Аслонбеков. –Беморга Илизаров аппаратини жарроҳлик йўли билан ўрнатдик. Мақсад уни фаол ҳолатга ўтказиш эди. Натижада у қўлтиқтаёқ билан оёғида турадиган бўлди.
Аммо бу чоралар вақтинча эди.
– Сон суягининг бўртмаси ишламайди, бир қисми йўқ. Унга стержен қўйган тақдирда ҳам суяк ишламас эди. Шунда мен Ҳиндистондаги имплант ишлаб чиқарувчи заводга бордим. Беморнинг чап сон суяги ўлчамлари асосида улар имплант ясаб беришга рози бўлишди, – дейди Салоҳиддин Аслонбеков.

Имплантнику ясаб беришди. Аммо жарроҳлик амалиётининг ўзи ноёб эди. Шунинг учун ҳиндистонлик мутахассислар ҳам Бешариққа келдилар.
– Бемордаги сон суякни тўлиқ олиб ташлаб, тизза ва тосга боғланувчи яхлит имплант сон суягини қўйдик. Бундай жарроҳлик амалиёти Ўзбекистонда илк бор амалга оширилди. Биз бу ишни Бешариқнинг Яккатут қишлоғида ҳиндистонлик мутахассислар билан ҳамкорликда бажардик. Ҳозирги кунда беморнинг жароҳатлари битяпти. Ўтиришни бошлади. Тизза ва қуймичидаги ошиқ-мошиқ ва имплант суяк ҳаракатланяпти. Яна бир неча кундан сўнг оёққа туради, – дейди бош шифокор.
Биз Сайёра Турдалиева билан суҳбатлашганимизда унинг кайфияти чоғ, шифокорлардан хурсанд эди. Жарроҳлик амалиёти ҳақида унинг ўзи ҳам гапириб берди.
– Синган сон суякларини олиб ташлаб ўрнига Ҳиндистонда тайёрлаб келтирилган сунъий суякни қўйишди. Ўнг оёғимдан тери олиб чап оёғимдаги тери йўқ жойларга тикдилар. Ҳозир аҳволим яхши, қон айланяпти, бармоқларим ҳаракат қиляпти, – дейди Сайёра Турдалиева.
Ҳа, автоҳалокат натижасида сон суяги пачоқланиб кетган, унинг бир қисмини эса буткул йўқотган Сайёра оғир дардига даво топди.
– Тиббиётда ҳам ўзгаришлар катта. Биргина Бешариқни олинг. 3 йил олдин 2 тагина хусусий клиника бор эди, холос. Ҳозир 50 тага етди, – деган эди Ўзбекистон Республикаси Президенти Фарғона вилоятига ташрифи чоғида. Минбардан айтилган бу гапда Яккатут қишлоғидаги “Ихлос” клиникасини ҳам назарда тутилган эди.
Аслида Яккатут қишлоғидаги “Ихлос” клиникасига хорижий мамлакатлардан ҳам кўплаб беморлар келади.
– Мен Тожикистондан келдим. Юра олмас эдим. Тўрт ой олдин ўнг оёғимни операция қилдирдим. Ҳозир юряпман. Бугун чап оёғимни операция қилишади, – дейди тожикистонлик бемор Абдурасул Азимов.
– Клиникамизга бир йилда 5 мингдан зиёд Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари мурожаат қилмоқда. Булардан 500 дан зиёди ётиб даволанди. Элликдан ортиғига эса юқори технологик жарроҳлик хизмати кўрсатилди, – дейди Салоҳиддин Аслонбеков. –Польша, Италия, Германия, Россия ва бошқа бир неча мамлакатларда малака оширдик. Мутахассисларимиз етарли. Юқори технологик амалиётлар ўтказиш учун шароитимиз бор. 21 июн куни Америка Қўшма Штатларидаги энг нуфузли травматология ва ортопедия марказларига ҳамкорликни йўлга қўйиш ва малака ошириш учун кетяпмиз.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/ZvfOp1uBnFM" title="Mamlakat tibbiyotida ilk bor yaxlit son suyagi almashtirildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА