Маҳкумлар китобхонлик танловида иштирок этди
Президентимиз ташаббуси билан жазони ижро этиш тизимида инсонпарварлик тамойиллари тобора кенг қарор топмоқда. Маҳкумларга таълим олиш, касб-ҳунар эгаллаш, маънавий-маърифий билимларини ошириш, китоб мутолааси билан шуғулланиш ва озодликка чиққанидан сўнг жамиятда ўз ўрнини топиши учун зарур имкониятлар яратилмоқда.
Ғамхўрликнинг ёрқин ифодаси сифатида республика Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти иккинчи минтақавий ҳудудига қарашли 6-сон жазони ижро этиш колониясида маънавий-маърифий ва тарбиявий йўналишдаги ишлар ҳолати ўрганилди.
Ўрганиш жараёнида Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Отабек Бозоров, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – Омбудсманнинг Наманган вилоятидаги минтақавий вакили Жаҳонгир Валиев ҳамда маънавият ва маърифат соҳаси мутасаддилари, хотин-қизлар фаоллари, “Адолат” социал демократик партияси масъул ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашдилар.

Учрашувлар давомида маҳкумларнинг ахлоқий камолотини юксалтириш, ҳуқуқий билимларини ошириш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш ҳамда озодликка қайтгач, жамиятга фойдали инсон бўлиб етишиши учун яратилаётган шароитлар билан танишилди.
Айниқса, муассасада китобхонликка қаратилаётган эътибор диққатга молик. Қамоқхона кутубхонасида 12 мингдан зиёд китоб фонди шакллантирилган бўлиб, маҳкумларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиши, дунёқараши ва маънавий салоҳиятини юксалтириши учун кенг имкониятлар бисёр.

– Маҳкумлар ўртасида ўқиш учун тавсия этилган 100 китоб рўйхати асосида мутолаани кенг тарғиб этишга алоҳида аҳамият берилмоқда, – дейди “Адолат” партияси Наманган вилояти кенгаши матбуот котиби Муҳиддин Имомадиев. – Китоб ўқиган ва белгиланган тартибда билим ва дунёқарашини намоён этган маҳкумларни рағбатлантириш, уларга қонунчиликда назарда тутилган имтиёзлардан фойдаланиш имкониятини яратиш ҳам китобхонликнинг инсон тарбиясидаги аҳамиятини янада оширмоқда.

Ўрганишлар доирасида, давлатимиз раҳбарининг китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва ёшлар ўртасида китоб ўқишга қизиқишни оширишга қаратилган қарор-фармойишлари ижроси доирасида “Энг фаол китобхон” танлови ҳам ўтказилди. Унда ички босқичларда ғолиб чиққан китобхон маҳкумлар қатнашиб, ҳакамлар ҳайъати томонидан берилган саволларга ўз билим ва дунёқараши асосида жавоб берди.
Танловнинг якуний натижалари бўйича, Нодир Отажонов фахрли биринчи, Наврўз Иброҳимов иккинчи ва Отабек Қодиров учинчи ўринларга сазовор бўлди. Бундан ташқари шахсий намунаси, тартиб-интизоми ва ижобий хулқи билан ажралиб турган бир гуруҳ маҳкумларга ташаккурномалар эълон қилиниб, рағбатлантирилди.

Инсонпарварлик тамойилларининг яна бир амалий натижаси сифатида, 39 нафар маҳкумга нисбатан афв қўлланилди. Шундан 29 нафари озодликка чиқарилди, 10 нафар маҳкумнинг жазо муддати учдан бир қисмга қисқартирилди. Бу рақамлар замирида инсон тақдири, унинг оиласи, келажаги ва жамиятга қайта интеграциялашуви мужассам.
Бугун жазони ижро этиш муассасаларида яратилаётган шароитлар маҳкумларни фақат жазони ўташга эмас, балки ўз хатосини англаш, билим олиш, касб эгаллаш, маънавий жиҳатдан камол топиш ва ҳаётини янгидан қуришга қаратилмоқда.

Мустақиллигимизнинг ўттиз беш йиллиги арафасида амалга оширилаётган бундай хайрли ишлар юртимизда инсон қадри, адолат, меҳр-оқибат ва инсонпарварлик тамойиллари тобора юксак аҳамият касб этаётганидан далолат. Бинобарин, одамни жазолашдан кўра, уни тўғри йўлга қайтариш, қалбига эзгулик уруғини экиш ва жамиятга муносиб инсон сифатида қайта олиб кириш юксак инсоний фазилатлардан ҳисобланади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.